Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд шаҳрида Баҳодир Ялангтўш ҳақида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди

Самарқанд шаҳрида “Баҳодир Ялангтўшнинг Марказий Осиё ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Унда Чехия, Қозоғистон давлатларидан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Бухоро, Самарқанд вилоятлари ҳамда Самарқанд шаҳридаги қатор олий ўқув юртлари академик, профессор, доцент ва тарихчилар иштирок этди.

Халқаро илмий-амалий конференция иштирокчилари дастлаб 1576-1656 йилларда яшаб, Самарқандда улкан ободончилик ишларини амалга оширган ҳукмдор Баҳодир Ялангтўш мангу қўним топган Имом Махдуми Аъзам мажмуасида бўлишди. Улуғ аждодимиз ҳақига тиловат қилинди.

Конференция иши шўбаларга бўлинган ҳолда давом этди. Шўбаларда Баҳодир Ялангтўшнинг Марказий Осиё ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётида тутган ўрни, унинг ҳукмдорлик даврида Самарқандда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, XVII-XVIII асрларда Самарқанддаги ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаёт, Баҳодир Ялангтўшнинг Бухоро хонлиги сиёсий барқарорлигини таъминлашдаги ўрни сингари мавзулар олимлар томонидан ўрганилди.

Шу ўринда, Баҳодир Ялангтўш фаолиятига доир баъзи маълумотларни келтириб ўтиш лозим.

Баҳодир Ялангтўш – XVII аср бошларида Самарқандда улкан ободончилик ишларини амалга оширган, ўз ҳукмронлиги даврида шаҳар равнақини таъминлаган, дунё мўъжизаси саналган – Регистон майдонидаги Шердор ҳамда Тиллакори мадрасаларини қурдирган ҳукмдорлардан бири.

Баҳодир Ялангтўш мамлакатда хондан кейин энг бадавлат шахс бўлган.

Абу Тоҳирхожанинг “Самария”сида ёзишича: “Баҳодир Ялангтўшнинг қабри Самарқанд яқинидаги Даҳбедда, Маҳдуми Аъзамнинг оёғи остида, суфа устида, мозор деворининг ичидадур”.