Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд шаҳридаги айрим мактабларда битта синфда 40-50 нафар ўқувчи таҳсил олади

Вилоят ёшлар марказида Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими ходимларининг анъанавий август кенгаши бўлиб ўтди. Таъкидлаш лозимки, август конференцияси ўтган ўқув йили якунларини таҳлил қилиш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш, янги ўқув йилига тайёргарликка қаратилган муҳим анъанавий тадбир саналади.

Тадбирда қайд қилинганидек, бугунги кунда Самарқанд шаҳрида 79 та умумий ўрта таълим мактаби, 1 та “Баркамол авлод” болалар маркази фаолият кўрсатмоқда. Ўтган ўқув йилида мавжуд умумий ўрта таълим мактабларида 4403 нафар педагог ходимлар 85 минг 632 нафар ўқувчиларга таълим-тарбия берган.

Жорий йилнинг ўтган давврида халқ таълими тизимдаги муаммоларни бартараф этиш учун давлат бюджетидан жами 175 миллиард 966 миллион 253 минг сўм маблағ ажратилган. Шунингдек, мактабларнинг бюджетдан ташқари қўшимча даромад топиши бўйича чора-тадбирлар белгиланиб, муайян амалий натижаларга эришилган. Хусусан, ўтган етти ой давомида мактабларнинг махсус ҳисоб рақамларида 357,7 миллион сўм маблағ жамланган.

2019-2020 ўқув йилидан 11 йиллик умумий ўрта таълимга тўлиқ ўтилиши муносабати билан қамраш коэффициентдан ошиб кетиши кутилаётган умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларини яқин атрофдаги бинолари бўшаётган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига жойлаштириш чораларини кўриш, 10-, 11-синф ўқувчиларини касб-ҳунарга ўргатиш ишларини сифатли ташкил этиш бўйича умумий ўрта таълим мактабларини ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларига бириктириш, олий таълим муассасалари битирувчилари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимидан бўшайдиган ўқитувчилар ҳисобидан педагог кадрларга бўлган эҳтиёжни таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Соҳада олиб борилаётган бу каби ижобий ишлар билан бир қаторда ҳал қилиниши зарур бўлган муаммолар ҳам мавжуд. Жумладан, 17, 35, 45, 51-умумий ўрта таълим мактабларида битта синфда 40, ҳатто 50 нафар ўқувчилар таҳсил олмоқда.

Бугунги кунда умумий ўрта таълим мактабларида 95 та компьютер синфлари, ушбу синфларда 1410 дона компьютер мавжуд. Бироқ 19-, 59-, 74-, 78-мактабларга айни пайтга қадар компьютер синфлари берилмаган. Шунингдек, шаҳардаги 14 та умумий ҳамда 1 ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабидаги компьютер жиҳозлари 2006-2010 йилларда берилган бўлиб, улар техник жиҳатдан эскирган.

Таълим муассасалари раҳбарларига “ZiyoNet”дан фойдаланиш тўғрисида кўрсатма берилган бўлишига қарамай интернетдан фойдаланиш аҳволи мутлақо қониқарсиз. Мактабларга оптик тола орқали интернет тармоғи ўтказилишида раҳбарларининг ҳам интилиши бўлганда эди, ушбу масала ижобий ҳал этиларди.