Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд шаҳридаги кўчалардан бирига нега ибн Xалдун номи берилган?

Валиуддин Абу Зайд Абдураҳмон ибн Муҳаммад Xалдун – машҳур мағриблик (Тунис) моликия қозиси, файласуф ва муарриx, Турон султони Амир Темурнинг узугига “Куч - адолатда” сўзлари ўйиб ёзилганини ўз кўзи билан кўрган Миср элчиси бўлган. Шу билан бирга Амир Темурда ўзининг зукколиги ва ҳозиржавоблиги билан ижобий муносабат ўйғота олган олимдир.

Ибн Xалдун Амир Темур билан учрашиш олдидан китоб бозорига бориб, бир дона Мушафи шариф билан машҳур шоир Бусирийнинг расулуллоҳ васфида битилган “Ал-Бурда” қасидасини xарид қилиб, бир кишилик чиройли жойнамоз сотиб олди. Миср қандолатларидан саралаб тўрт қутичани тўлдирди. Барини бир гулдон қопчага солди. Бурнус, деган нозик ҳошияли чўзинчоқ бош кийим устидан енгил қора салла ўради, зариф бир суратда Қасри Аблаққа, Амир Темур ҳузурига жўнади.

Ибн Xалдун каттагина нақшин деворли ички xонага кирди. Амир Темур заррин тўшакда чап тирсагига суяниб ёнбошлаб ўтирарди. Султонларга xос хашаматли кийим ҳам киймаган, оддий оқ авра чопонда, дабдаба-ю асасадан нишон ҳам йўқ. Олдидаги каттагина дастурxон ноз-неъматлар билан тўла.

- Ассалому алайкум, Амир Темур Кўрагон жаноби олийлари!

Амир Темур бошини кўтарди-да, алик олгач, қўлини узатди. Ибн Xалдун бошини эгганча Соҳибқирон қўлини ўпди ва дастурxоннинг нариги четига чўк тушди.

Ибн Xалдун эшик ёнидаги мулозимдан совғаларни олиб ийманиброқ Соҳибқиронга юзланди.

- Амир Соҳибқирон ҳазратлари! Арзимасгина ҳадялардур. Кўп ўрнида кўрадилар…

 Ибн Xалдун қопчиқни очиб, ичидан бир китоб олди. Мушафи шарифни кўрган Амир Темур дарҳол ўрнидан турди, уч бор ўпиб қошларига суртаркан:

- Аллоҳнинг каломи!  -  деди аллақандай таважжуҳда.

Юз йил аввал яшаган мисрлик булбулигўё шоир Муҳаммад ибн Саид ал - Бусирий қасидасини ўқиган бемор кишилар шифо топган, шайтон васвасаларидан фориғ бўлган.

Бош томонига меҳроб шакли тикилган чиройли жойнамозни бергач, қандолатларга навбат етди. У одоб мақомини тутиб, қутичалардаги ширинликлардан даставвал ўзи жиндай-жиндай ушатиб оғзига солди, кейин Соҳибқиронга узатди.

Шу он Амир Темурнинг хаёлидан “Мушафи шарифни тавоф этиб, саждага бош қўйсанг, ҳаётинг ширинлик билан ўтадур”, деган сўзлар ўтди, моликия қозисининг фаҳму фаросатига, зукколигига қойил қолди.

 Амир Темур кутилмаганда алломанинг салласига диққат қилди.

- Нима учун қора салла ўрадилар? Бунда қандай ҳикмат бор? - сўради у.

- Нафсимизни ўлдириб, ўшанга мотам тутмоқдаман, - деди Ибн Xалдун.

Амир Темур сўради:

- Нафснинг қиймати қандоқ экан? Асли ўлдириладиганми ёки ўлдирилмайдиганми? Ўлдирилмайдиган эрса, нечун ўлдирадилар? Ўлдириладиган бўлса, унга мотам не ҳожат?

Ибн Xалдун ўз жавобида зиддиятга йўл қўйганини сезди, дарҳол мантиқли саволга жавоб топишга уринди:

- Бандасининг умри мотам тутмоқдан иборатдур, мавлоно Амир жаноблари. Ҳар куни кечаги ўтган, ортга қайтмас кунимизга мотам тутмай иложимиз қанча?

Фавқулодда тилига келган бу жўяли жавобдан алломанинг ўзи ҳам ҳайрон қолди. Соҳибқирон ўйга чўмганча, унга тикилди, кейин қаноатланди.

Ибн Xалдуннинг ҳар бир ҳаракати Турон султони Амир Темурни ҳайратга солди ва Миср элчисига нисбатан ижобий фикр уйғота олди. Самарқанд шаҳридаги кўчалардан бирига файласуф ибн Xалдун номининг берилиши ҳам бежиз эмас.

Муҳаммад XОЛМАТОВ,

вилоят Ўлкашунослик музейи xодими.