Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд тиббиёти рақамларда

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 6-8 февраль кунлари вилоятимиз соғлиқни сақлаш тизими республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганилди. Ўрганиш натижалари маълумотномасида қайд этилишича:

2017-2018 йилларда тез тиббий ёрдам тизимига 100 та "Дамас", 11 та "Ниссан", 15 та "Хундай", 6 та "Tоyotta" русумли замонавий реанимобиллар етказиб берилди ва вилоят бўйича тез тиббий ёрдам автомашиналари сони нормативга кўра, 259 тага етказилди.

***

Дори-дармон учун бир чақириққа сарфланадиган маблағ миқдори 1880 сўмдан 5000 минг сўмга ёки қарийб 2,6 маротабага оширилди.

***

2017 йилда вилоятга дори-дармон ва тиббий буюмлар учун давлат бюджетидан 26,1 миллиард сўм ажратилган бўлса, 2018 йилда 59,4 миллиард сўм ажратилиб, ўтган йилга нисбатан 2,3 баробарга ортди. 2019 йилда эса 69,4 миллиард сўм режалаштирилди.

***

Инвестиция дастури доирасида 2017 йилда 8 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун 16,6 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. 2018 йилда эса 4 баробар кўп маблағлар ажратилиб,(73,9 миллиард сўм) 38 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

***

2019 йил Инвестиция дастури доирасида 17 та муассасада 40 миллиард сўм­лик қурилиш-таъмирлаш ишларини белгиланган муддатларда, сифатли бажариш режалаштирилди.

***

Вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги даволаш профилактика муассасалари 2018 йилда барча манбалар ҳисобидан 2,4 миллион доллар, 168 минг евролик 8,5 миллиард сўмлик замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Жумладан, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига Германиянинг KFW банки кредити асосида 168 минг евролик 24 турдаги тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар  харид қилинди.

***

Республика онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалига 131,8 минг долларлик иммуногистохимия аппарати етказиб берилди.

***

Вилоят ногиронлар реабилитация марказига Хитой гранд маблағи эвазига 1,2 миллион доллар қийматида 34 турдаги асбоб-ускуналар олинди.

Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 3,4 миллиард сўм ажратилиб, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига сунъий қон айланиш аппарати ҳамда барча туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларининг кўп тармоқли марказий поликлиникалари скрининг хоналари учун энг сўнгги русумдаги замонавий УТТ ва бошқа тиббий асбоб-ускуналар харид қилинди.

***

Вилоятда даволаш-профилактика муассасалари ва барча ҚОП, ҚВПларда "Электрон поликлиника" автоматлаштирилган ахборот тизимини тўлиқ жорий этиш 2019 йилга режалаштирилди ва бу ишлар учун дастурда 2 миллиард сўм маблағ сарфланиши режалаштирилди.

***

2018 йилда янгидан ташкил этилиши режалаштирилган 26 та хусусий корхона ўрнига 86 та янги хусусий тиббиёт муассасалари ташкил этилиб, уларнинг сони 382 тага етди. Шундан 310 таси (81,1 %) амбулатор ва 72 таси (18,9%) стационар шароитда 46 турдаги ихтисосликлар бўйича аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

 

2018 йил давомида 6022 нафар чет эл фуқароларига вилоят ҳудудида фаолият юритаётган нодавлат тиббий муассасалар томонидан тиббий хизмат кўрсатилган (Қирғизистон – 780, Қозоғистон – 600, Тожикистон – 4530, Россия – 112).

***

2019 йилда 68 та янги хусусий тиббиёт муассасаси ташкил этилиши (шулардан 4 таси чет эл инвесторлари иштирокида) белгиланган.

***

Самарқанд тиббиёт институти, Тошкент врачлар малакасини ошириш факультетлари ва Тошкент тиббиёт академиясида таҳсил олган 500 нафарга яқин битирувчилар тақсимот қилинди.

***

Айни пайтда вилоятда 726 та штатлар вакансияси мавжуд (490 та тор доирадаги мутахассисларга ва 236 та умумий амалиёт шифокорлари).

***

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида 200 нафардан ортиқ беморга коронар қон томирларни стендлаш, 50 нафар беморга магистрал қон томирлар ангиографияси каби юқори технологик амалиётлар ўтказилди.

***

Республика ва вилоят тиббиёт марказлари мутахассисларидан ташкил топган гуруҳлар томонидан селектив патронаж натижасида аниқланган беморлардан 5 минг 528 нафари тиббий кўриклардан ўтказилди. Кўриклар натижасида 232 нафар бемор туман шифохонасида, 74 нафари вилоят шифохоналарида, 17 нафари республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида даволаниши учун йўлланма ва ордерлар берилди, 240 нафар бемор уйида кўрикдан ўтказилди.

Бундан ташқари маҳорат дарслари давомида 4 нафар беморларда республика марказлари мутахассислари томонидан юқори технологик, мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.