Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд туманидаги боғчада газ баллони портлаганмиди? (Видео)

Ижтимоий тармоқларда 13 июнь куни Самарқанд тумани Андижони маҳалласида жойлашган 30-сонли мактабгача таълим муассасаси ошхонасида маиший газ баллони портлагани ва ёнғин вужудга келгани, ёнғинни бартараф этиш учун камида тўртта ўт ўчириш машинаси жалб қилингани ҳақида хабар тарқалди.

Ушбу ҳолат юзасидан Zarnews.uz мухбири Самарқанд туманидаги 30-сонли мактабгача таълим муассасасини бориб кўрди. Болалар боғчаси ошхонасида газ баллони ўрнатилмаган. Боғча 2009 йилдан буён газ тармоғидан ҳам узилган. Ошхонада электр токи билан ишлайдиган плита ўрнатилган.

Боғча мудираси Феруза Қодированинг айтишича, ошхонада доғланаётган ёғдан олов чиққан, ҳеч қанақа газ баллони портламаган. Ёнғинни бартараф этиш учун  битта ўт ўчириш машинаси келган.

Ушбу боғчада ҳамшира бўлиб ишловчи Зарнигор Озодова ҳолат билан танишиш мақсадида туман ҳокими келганлигини тасдиқлади. Шунингдек, воқеа жойига туман ҳокими ўринбосари ва бошқа раҳбарлар келиб ҳолатни ўрганганлигини, болалар ёнғин ҳолатини кўрмаганлигини айтди. 

18-МТМ болалар боғчаси психологи Гулруҳ Раҳматова 30-сонли мактабгача таълим муассасаси болаларининг руҳий ҳолатини ўрганиш учун юборилган экан. Психолог болаларнинг руҳий ҳолати қониқарли эканини, улар ҳаттоки ёнғинни кўрмаганини тасдиқлади.