Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд туризми маҳалла ва қишлоқларга кўчяпти

Коронавирус пандемияси бугун глобал иқтисодий инқирозга сабаб бўлмоқда. Деярли барча давлатлар иқтисодиёти, турли соҳа ва тармоқлари мазкур инфекция тарқалиши туфайли катта зарар кўриб, ҳатто, тўхтаб қолди.

Бу айниқса, халқаро туризмга салбий таъсир кўрсатмоқда. Давлатлар аҳоли саломатлиги хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўз эшикларини ёпди, авиарейслар ва бошқа транспорт воситалари қатнови тўхтади. Бундай ҳолат иқтисодиёти фақат туризм билан боғлиқ мамлакатларга салбий таъсир кўрсатди.

Кейинги йилларда сайёҳлик жадал ривожланаётган мамлакатимизда ҳам ана шундай мураккат вазиятда оқилона йўл тутган ҳолда туристик фаолият билан боғлиқ лойиҳаларни амалга оширишга эътибор сусайтирилмади. Гарчи хорижий ва маҳаллий сайёҳлик маълум муддат тўхтаб қолган бўлса-да бу вақт ичида жойларда янги туристик объектларни ташкил этиш, мавжудлари фаолиятини такомиллаштириш ишлари давом этди. Бугун эса юртимиз шаҳар ва қишлоқлари, сайёҳлик масканлари босқичма-босқич маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун ўз эшикларини очмоқда.

Маълумотларга кўра, йил бошидан буён Самарқанд вилоятига 49 500 нафар хорижлик сайёҳ келган. Ваҳоланки, ўтган йилнинг шу даврида чет эллик меҳмонлар 227 минг нафардан кўпроқни ташкил этган. Маҳаллий сайёҳлар ҳам ўтган йилгидан тўрт баробар кам (286 минг киши) келди. 

– Бутун дунё туризмида шундай ҳолат кузатилмоқда, – дейди вилоят туризмни ривожлантириш департаменти бошлиғи Дилшод Нарзиқулов. –  Ҳозирда эпидемиологик ҳолат барқарорлашган бир қатор давлатлар пандемия шароитида ҳам санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда сайёҳлар қабул қилишни бошлаяпти. Жумладан, бизда ҳам туристик компаниялар, мазкур фаолият билан шуғулланувчи субъектлар давлат томонидан берилаётган имконият ва имтиёзлар асосида иш бошламоқда. Лекин шу пайтгача ҳам вилоятимизнинг туризм инфратузилмасини ривожлантириш, янги туристик объектлар барпо этиш, сайёҳлар учун қўшимча қулайликлар яратиш борасида белгиланган ишларни амалга оширдик. Хусусан, йилнинг биринчи ярмида вилоят бўйича 24 та туристик лойиҳа ишга туширилди. Самарқанд шаҳри ва Ургут туманида жами 143 ўринли 6 меҳмонхона, 162 ўринли 18 та оилавий меҳмон уйлари ташкил этилди. 11 та янги туроператор фаолияти йўлга қўйилди.

Вилоятимизга келадиган сайёҳлар фақат Самарқанд шаҳри ва шаҳар атрофидаги тарихий-маданий мерос объектларига саёҳат қилиш билан чекланмаслиги учун шаҳар ташқарисида бориши мумкин бўлган жойларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Шу мақсадда йил бошидан буён туманларда 13 та янги туристик маршрут ташкил этилди. Мисол учун, Самарқанд туманидаги Конигил қишлоғида намунали типдаги “Туризм қишлоғи”, Боғибаланд маҳалласида эса “Туризм маҳалласи” ташкил этилмоқда. Бу икки ҳудуд ҳам ўзига яраша узоқ тарихга эга, ҳунармандчилик, боғдорчилик бўйича ибратли тажрибаси бор. Ажодларидан мерос анъаналарни бугунги авлод ҳам давом эттириб келмоқда ва табиийки, бу маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар учун қизиқарли. Муҳими, бу ҳудудлар туризм маскани бўлгач, деярли барча хонадон мазкур тармоқ орқали доимий даромад манбаига эга бўлади. Янги туристик объектлар, хизмат кўрсатиш шохобчалари ва жойлаштириш воситалари ташкил этилади. Бундан асосий мақсад, сайёҳларнинг вилоятда қолиш кунларини узайтириш билан бир қаторда, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, аҳолининг қўшимча даромадини ошириш ҳамда камбағалликни қисқартиришдан иборат.

Ўтган йилдан бошлаб жорий этилган “Гастрономик туризм”, “Тиббиёт туризми”, “Ҳунармандчилик туризми” ҳафталикларини бу йил ҳам давом эттирамиз. Айни пайтда бу борада тарғибот ишларини олиб боряпмиз. Бу орқали биз Самарқанднинг ўзига хос янги туристик йўналишларини очамиз.

Департамент томонидан тақдим этилган маълумотларда қайд этилишича, 2020-2021 йилларда вилоятда аҳолини иш билан таъминлаш ҳамда янги иш ўринлари яратиш мақсадида туризм соҳасида 54 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ва 1300 дан ортиқ иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Биргина жорий йилда 34 та лойиҳа ишга туширилади ва 732 нафар фуқаро мазкур тармоқда иш бошлайди.

– Ҳозирда Самарқанд шаҳридаги Орзу Маҳмудов, Ислом Каримов, Алишер Навоий ва Пушкин кўчалари ҳамда Университет хиёбонини туристик масканга айлантириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилди, – дея сўзида давом этади Д.Нарзиқулов. – Орзу Маҳмудов кўчасида гастрономик туризм ҳудудини ташкил этиш ишлари якунланмоқда ва бу йилги мавсумда сайёҳлар келиб бу ердаги хизматлардан фойдаланишлари мумкин. Ушбу кўча яқинида жойлашган “Ипак йўли” туризм халқаро университетига туташ ҳудудда эса “Туризм таълим боғи” ташкил этилади. М-37 ва М-39 автомагистралининг вилоятимиз ҳудудидан ўтган қисмида эса 8 та жойлаштириш воситалари (меҳмонхона, кемпинг ва бошқалар) ва овқатланиш шохобчаларини ишга тушириш бўйича жадал иш олиб борилмоқда. Умумий қиймати 74,7 миллиард сўм бўлган бу лойиҳаларнинг амалга оширилиши билан 100 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

Вилоятнинг тоғли ҳудудларда жойлашган санаторий ва дам олиш масканларидан сайёҳлик мақсадларида самарали фойдаланиш юзасидан ҳам лойиҳалар мавжуд. Айни пайтда вилоятда 1800 ўринли 25 санаторий, 2780 қабул қувватига эга 22 болалар оромгоҳлари бўлса-да уларнинг барчасидан ҳам самарали фойдаланиляпти, деб бўлмайди. Бундай объектларни босқичма-босқич маҳаллий ва хорижий инвесторларга инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни бажариш шарти билан “ноль” харид қийматида сотиш режалаштирилган. Жумладан, Ургут туманининг сўлим Омонқўтон қишлоғида жойлашган “Дўстлик” болалар соғломлаштириш оромгоҳи ана шундай шарт билан “ZAMIN-TRAVEL” масъулияти чекланган жамиятига берилди. Мазкур жамият 2022 йил якунига қадар бу ерда 2 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда инвестиция киритиб, бу ерда спорт-соғломлаштириш мажмуаларига эга 100 ўринли болалар спорт-соғломлаштириш оромгоҳи, 75 ўринли 20 та кемпинг (дам олиш масканлари), уч юлдузли хизматлар сифатига эга 100 ўринга мўлжалланган  меҳмонхона мажмуаси ташкил этиши белгиланган.

Худди шундай Самарқанд туманидаги “Янги жой” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Анисабону” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Оқбўйра гарден” дам олиш маскани ташкил этилмоқда. Умумий қиймати 10 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳа доирасида 20 та ёзги ва 20 та қишки дам олиш уйлари, бассейн, умумий овқатланиш маркази фойдаланишга топширилади. Тоққа сайр қилиш йўлга қўйилади.

Хуллас, бугун Самарқанд туризмида ҳам пандемия туфайли йўқотилган вақт ва маблағ, имкониятларни тиклаш учун барча чоралар кўрилмоқда. Ишламай турган корхоналар фаолияти қайта йўлга қўйилаётир. Энг муҳими, бу вақт туристик фаолият билан шуғулланувчи субъектлар, соҳага масъуллар учун иш фаолиятни таҳлил этиш, келгуси режа ва мақсадларни аниқ белгилаб, амалий ҳаракатларни кучайтириш учун етарли фурсат бўлди.

Ғолиб ҲАСАНОВ.