Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Самарқанд вилоят кардиология диспансерида тиббий хизматлар қимматми?

Кеча интернетдаги ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоят кардиология диспансерида тиббий кўрикдан ўтиш учун узундан узоқ навбат юзага келаётгани ва даволаниш учун тиббий хизматларнинг юқорилиги (10 кун учун 2 миллион сўм) ҳақида хабарлар тарқалди.

Бу гаплар нечоғлик тўғри?

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида диспансерда бўлдик.

– Кўрикдан ўтиш учун беморларнинг узоқ навбат кутиб қолиши боиси – муассасамизнинг вилоятда ягона эканлиги билан боғлиқ, – дейди Самарқанд вилоят кардиология диспансери бош врачи Шаҳодат Содиқова. – Қолаверса, аҳоли туманлардаги поликлиника ва даволаш муассасалари фаолиятидан кўнгли тўлмагани учун бизга мурожаат қилади. Бундан ташқари, қўшни вилоятлардан келувчилар ҳам жуда кўп. Шу сабабли айрим кунларда поликлиникамизда мурожаат қилувчилар кўпайиб кетиб, узун навбатлар юзага келади.

Тўлов масаласида шуни айтишим керакки, муассасамизга келадиган беморларнинг 80 фоизи тўловни амалга ошириб, пуллик хизматдан фойдаланади. 20 фоиз беморларгина махсус ордер билан келиб, тўлиқ бепул даволанади. Тиббий хизмат нархлари «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш профилактика муассасаларида пуллик тиббий хизматларга нархларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги Низом»га асосан белгиланган. Бу нархнома муассасанинг кириш жойидан бошлаб ҳар бир қаватида кўзга кўринарли жойларга илиб қўйилган.

Диспансеримизда кўрсатиладиган тиббий хизмат турлари бўйича нархнома режасига биноан биринчи бўлим ва люкс палатада бир ўрин учун  кунлик тўлов тиббий текширув, дори-дармон ва уч маҳал овқатланишни ўз ичига олади ва 200 минг сўмдан ошади. Аммо беморнинг ҳолатидан келиб чиқиб, бу кўрсаткич камайиши, яъни кунлик 110 минг сўмдан 160 минг сўмгача бўлиши ҳам мумкин.

Ҳ.Элтоев.