Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд вилоят перинатал марказидаги кислород заводи Марказий Осиёда ягона

Мамлакатимиз раҳбарининг Германияга ташрифидан сўнг Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида 5 миллион евролик лойиҳани амалга ошириши кўзда тутилмоқда. Ташкилотнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари менежери Эвелина Тотева яқинда Самарқандга ташриф буюриб, вилоятдаги тиббий муассасаларда бўлди.

Вилоят перинатал марказида 2017 йилда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти кўмагида тиббий кислород ишлаб чиқариш мини заводи ишга туширилган. Айни пайтда мазкур мини завод муассасага ойига 170 миллион сўм фойда келтиради. Яъни, мини заводнинг ойлик иш ҳажми учун 80 миллион сўмга яқин сарф-харажат қилинган ҳолда ойига 250 миллион сўмлик сифатли тиббий кислород ишлаб чиқарилмоқда.

– Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти 2012 йилдан буён Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан тиббиёт йўналишидаги юқори технологияларни амалиётга жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда, – дейди Германия халқаро ҳамкорлик жамияти лойиҳаларининг соғлиқни сақлаш йўналиши бўйича миллий координатори Нигора Муродова. – Ушбу лойиҳаларда Самар­қанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси фаол иштирок этмоқда. Жумладан, вилоят перинатал марказига ўрнатилган кислород ишлаб чиқариш мини заводи Марказий Осиёдаги шифо масканлари орасида ягона ҳисобланади. Бу айни пайтда марказ фаолиятида жуда катта самара бермоқда.

Шунингдек, марказдаги кам инвазивли, яъни лапароскопия ва гистероскопия йўналишларида врачлар малакасини ошириш ўқув маркази замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Бу ерда уч босқичда акушер-гинекологлар малакасини ошириб келмоқда. Бунда назарий ва амалий жараёнлар учун махсус хоналар, ўқув операцион заллар ташкил қилинган.

Меҳмонлар марказда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти томонидан ўтказилаётган "Болаларда ўпка касалликларининг рентген диагностикаси" мавзусидаги семинар-тренингда ҳам иштирок этди.

 Алишер ИСРОИЛОВ.