Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд вилояти прокуратураси Самарқанд шаҳридаги аква-паркда дарахт кесганларга чора кўрилганлигини маълум қилди

Жорий йилнинг 11 июль куни сайтимизда “Масъулиятсиз масъуллар вазифасига нолойиқ деб топилди” сарлавҳали материал берилган эди. Унда Самарқанд шаҳрида маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишда қонун талабларига риоя этиш, кўп йиллик дарахтларни асраб-авайлаш борасида олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама этилгани, бу борада эътиборсизликка йўл қўйган шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда жазо чоралари қўлланилиши маълум қилинганди.

Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, Самарқанд шаҳар Мирзо Улуғбек кўчасидаги “Афсона” аква-парк ҳудудида 2 туп тут ва 2 туп чинор дарахтининг кесилиши асослилиги мутахассислар иштирокида ўрганилди.

Аниқланишича, Самарқанд шаҳар Мирзо Улуғбек кўчаси 62-манзилда жойлашган “Аlexandr Hotel” МЧЖ директори Акбаржон Қутбетдинов 2019 йил 1 июль куни Самарқанд шаҳар Давлат хизматлари маркази орқали электрон тарзда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ҳамда Самарқанд вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига “Афсона” аква-парк ҳудудида жойлашган 10-12 туп дарахтларни кесиш ва буталаш ҳақида электрон тарзда ариза билан мурожаат қилган.

Мурожаат асосида Самарқанд вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мутахассислари томонидан ўтказилган ўрганишда “Афсона” аква-парк ҳудудида жами 13 та (2 туп тут ва 11 туп чинор) дарахт мавжудлиги аниқланиб, танаси қуримаган, ғоваклашган 2 туп тут дарахт кесилиши мумкинлиги ва 11 туп чинор дарахтларининг ён шохларини буталаш лозимлиги ҳақида 2019 йил 9 июлда ўрганиш далолатномаси тузилган. Шу куни Самарқанд вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Ғ.Негматов томонидан бу ишларни Самарқанд шаҳар ҳокимининг рухсатномаси асосида амалга ошириш мумкинлиги ҳақида хулоса тасдиқланган ва Самарқанд шаҳар Давлат хизматлари марказига электрон тарзда юборилган.

Тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиққан Самарқанд шаҳар ҳокимлиги мутахассислари 10 июль куни 2 туп тут дарахтини кесиш ва 11 туп чинорни буталашга рухсат беришни рад этган. Бу ҳақда Самарқанд шаҳар Давлат хизматлари марказига электрон тизим орқали маълум қилинган.

Бироқ, А.Қутбетдинов дарахтларни кесиш ёки буталашга розилик олмасдан туриб, “Афсона” аква-парк ҳудудида ободонлаштириш ишларига жалб қилинган Машраб Каримовга дарахтларни кесишни буюрган ва 2 туп тут ҳамда 2 туп чинор дарахти ноқонуний равишда кесиб ташланган.

  Самарқанд вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг хулосасига кўра, 2 туп чинор дарахтининг ноқонуний кесилиши оқибатида ўсимлик дунёсига 26 миллион 355 минг сўм, 2 туп тут дарахтининг ноқонуний кесилиши натижасида 40 миллион 546 минг сўм зарар етказилганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолатлар бўйича “Аlexandr Hotel” МЧЖ раҳбари А.Қутбетдинов Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 79-моддаси 1-қисмига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баробари (2 миллион 27 минг 300) сўм миқдорида, фуқаро М.Каримов энг кам ойлик иш ҳақининг 6 баробари (1 миллион 216 минг 800) сўм миқдорида жаримага тортилди.

Шунингдек, ўсимлик дунёсига етказилган 66 миллион 900 минг сўм зарарни ундириш юзасидан Самарқанд вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига даъво ариза киритилди.

  Ўзига юклатилган вазифаларга совуққонлик билан муносабатда бўлиб, белгиланган вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги сабабли Самарқанд вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Ғ.Негматов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган ҳамда Самарқанд шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи вазифасини бажарувчи А.Мухаммадиев маъмурий жавобгарликка тортилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун талабларини бузган ҳолда, яъни Маданият вазирлигининг рухсатномасини олмасдан “Бибихоним” мажмуасида жойлашган йўлаклардаги синган плиткаларни таъмирлагани, китоб учун катта лавҳнинг устки қисмини лексан билан ёпгани ва унинг атрофини ўрагани учун Самарқанд шаҳар “Бибихоним” мажмуаси мудираси Г.Акилова келгусида қонун бузилишига йўл қўймаслиги ҳақида расман огоҳлантирилди.