Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Самарқанд вилоятига 200 000 АҚШ долларидан кам бўлмаган нархда кўчмас мулк сотиб олган чет эл фуқароси бу ерда яшаш ҳуқуқини қўлга киритади

Бу ҳақда Президентимизнинг жорий йил 5 январда эълон қилинган «Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида белгилаб берилган.

Мазкур ҳужжат билан туризмни ривожлантиришдаги қатор муаммоларга чек қўйилади. Шу билан бирга, туризм соҳасини ривожлантириш борасида тадбиркорларга Ўзбекистон тарихида илгари кузатилмаган янги имтиёзлар тақдим этилди.

Аввало, Ўзбекистонга кириш борасида. Биринчидан, фармонда «Шу билан бирга, ўтказилган таҳлиллар туризм тармоғини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий асоснинг номукаммаллиги, алоҳида туризм хизматларини кўрсатиш қоидаларининг, шунингдек, чет эл фуқароларининг тоифалари, бўлиш муддатлари ва мақсадлари бўйича дунё амалиётида кенг қўлланиладиган алоҳида виза режимларининг мавжуд эмаслигини кўрсатмоқда» дея таъкидланган ва бу муаммога ечим тақдим этилган.

Шундай қилиб, жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб дунёнинг 45 та мамлакати фуқаролари учун Ўзбекистонга 30 кунга визасиз режим жорий этилди. Худди шу санадан эътиборан дунёнинг 76 та давлати фуқаролари мамлакатимизга кириш учун электрон виза олиш имконига эга бўлади.

Иккинчидан, 109 та мамлакат фуқаролари Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасини олиш имконига эга бўлди. Буни истаган чет эл фуқароси мамлакатимиздан кўчмас мулк сотиб олиши лозим бўлади. Сотиб олинадиган мулк нархи ҳудудларга қараб белгиланган. Масалан, Самарқандда яшаш ҳуқуқини қўлга киритиш учун чет эл фуқароси вилоятимизда 200 000 АҚШ долларидан кам бўлмаган нархда кўчмас мулк сотиб олади. Мазкур меъёр Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти учун 400 000 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда деб белгиланган.

 Шунингдек, ҳужжатда, туризм инфратузилмасини ривожлантириш, мақбул ва қулай муҳит яратиш, транспорт логистикасини ривожлантириш, ички ва ташқи йўналишларни кенгайтириш, транспорт хизматлари сифатини ошириш,  республика ичида туризм хизматларига бўлган эҳтиёжни қондиришга йўналтирилган туризм фаолияти субъектларининг фаоллигини рағбатлантириш каби асосий муаммоларга эътибор қаратилган.

Фармонда мамлакатнинг логистика жозибадорлигини тубдан яхшилаш, шунингдек, маҳаллий аэропортларда парвозларга хорижий авиакомпанияларни жалб этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилсин, деб белгиланди.

Ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари этиб Европа ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари билан товар айланмаси, ташиладиган йўловчилар сони ва инвестицияларни кўпайтириш учун республикадаги транспорт алоқа тизимини тубдан яхшилаш, “зиёрат” туризми йўналиши орқали туристлар оқимини ошириш, шу жумладан, Индонезиядан доимий авиақатновларни очиш учун авиакомпанияларни жалб қилиш масалаларини тезкорлик билан ҳал этиш кабилар белгиланган. Ўзаро боғловчи қатновларни, шу жумладан, “мавсумдан ташқари” даврда ташкил этиш орқали узоқ магистрал йўналишларда йўловчилар сонини кўпайтириш, чартер рейсларини келишиш механизмини соддалаштириш ҳам белгилаб берилган.

 Худди шу сана – жорий йил 5 январда «Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон  Республикаси Президенти қарори эълон қилинди.

Унга кўра, энди меҳмонхона қуриш учун ажратилган ер участкаси қурилиш тугагач, инвесторга мулк ҳуқуқи асосида сотилиши мумкин.

Ҳужжатда тадбиркорлар учун кутилмаган имтиёзлардан бири ҳам белгилаб берилди. Агар 2022 йил 1 январгача инвестор томонидан 3 юлдузли тоифа учун 50 хонадан кам бўлмаган ва 4 юлдузли тоифа учун 100 хонадан кам бўлмаган хоналар фондига эга меҳмонхона фойдаланишга топширилса, янги меҳмонхона қуриш ва жиҳозлаш учун инвестор харажатларининг бир қисми давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

 Бундан ташқари, дунёнинг таниқли ва нуфузли меҳмонхона брендларидан (меҳмонхона брендларининг топ-50 рейтингига кўра фойдаланиш бўйича Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган ташкилотлар учун уч йил мобайнида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қисман молиялаштириш ҳам кўзда тутилган.

Мазкур қарордаги яна бир банд аҳоли томонидан илиқ кутиб олинди. Яъни, энди меҳмонхона хизматлари яшаш жойи (прописка), фуқаролик, жисмоний шахсларнинг қариндошлик ва никоҳ муносабатлари, шунингдек, шахсий ҳаёт ҳуқуқини чекловчи бошқа омиллардан қатъи назар кўрсатилиши лозимлиги маълумот учун қабул қилинди. Мисол учун, илгари маълум бир шаҳарда яшовчи фуқаро шу ҳудуддаги меҳмонхонага жойлашишда тўсиқларга учраши мумкин эди. Энди бу каби муаммоларга барҳам берилади.

Дарвоқе, ушбу ҳужжат асосида мамлакат, шу жумладан, вилоятимизда  меҳмонхоналар қуришнинг мақсадли параметрлари белгилаб берилди. Унга кўра, жорий йилда вилоятимизда 773 хонадан иборат 30 та меҳмонхона қурилади. 2020 йилда эса 1 703 хонадан иборат яна 76 та меҳмонхона барпо этилади. Шундай қилиб, ўтган йил қурилганларини ҳам ҳисобга олсак, 2021 йил якунига келиб  5 307 хонага эга жами 236 та янги меҳмонхонага эга бўламиз. Солиштириш учун: ҳозирги вақтда вилоятдаги меҳмонхоналар сони 100 дан зиёдроқ ва ҳар йили сайёҳлик мавсумида аксарият меҳмонхоналарни бир ой олдин банд қилишга тў²ри келмоқда.

Ана шу меҳмонхоналарни барпо этишда молиявий имкониятлар тақдим этиш ҳам белгиланган. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси кичик тадбиркорлик субъектларига туризм инфратузилмаси объектлари, меҳмонхоналар ва санитар-гигиеник шохобчалар барпо этиш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш учун ажратилган тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация тақдим қилади.

Тегишли идораларга икки ҳафта муддатда меҳмонхоналар ташкил этиш учун фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари рўйхатини шакллантириш ва  тегишли ҳудудда қурилаётган ва реконструкция қилинаётган меҳмонхоналарни инвентаризациядан ўтказиш топширилди. Бир ой муддатда эса инвентаризация ва ўрганишлар якунлари асосида ер участкаларини ажратиш ва фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари базасида меҳмонхона ташкил этиш ойлик тармоқ жадваллари тасдиқланади.

 Ажратилаётган ер участкалари  Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг ахборот майдонларида ва сайтларида жойлаштирилади.  Шунингдек, инвесторлар томонидан меҳмонхона қуриш учун ер участкалари ва давлат мулки объектларини “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдонида аукционга қўйилиши таъминланади.

Қарорда бир қатор шаҳарлар, хусусан, Самарқанд шаҳрининг тарихий ва қўриқланадиган ҳудудларида режалаштирилган бино ва иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича ишларни ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси маркази билан аввалдан келишиш кўзда тутилган.

Мазқур қарорнинг 3-иловасида Самарқанддаги 24 та маданият объекти ва муассасаси номи қайд этилган. Ана шу бино ва иншоотларга жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, янги, замонавий ахборот технологиялари татбиқ этилади.

Ҳар икки ҳужжатда назарда тутилган ислоҳотлар, имтиёзлардан шундай хулоса чиқариш мумкинки, бу йил хорижий ва маҳаллий инвесторлар, тадбиркорлар учун туризм соҳаси Самарқандда энг жозибадор бизнес сифатида тилга олинади. Натижада қисқа фурсат ичида вилоятимизнинг туризм бўйича асл салоҳияти юзага чиқишини кутаверсак бўлади.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ шарҳи.