Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Эркинжон Турдимов Самарқанд вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тавсияси билан шу пайтгача Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи бўлган Эркинжон Турдимов Самарқанд вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Президентимизнинг ушбу тавсияси халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгаши томонидан қўллаб-қувватланди.

Давлатимиз раҳбари вилоят раҳбарлари ва фаоллари олдидаги долзарб вазифаларни белгилаб берди.

- Вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, инвестиция жараёнини фаоллаштириб, янги корхоналар қуриш ва иш ўринларини кўпайтириш энг муҳим ва устувор йўналиш ҳисобланади. Ўтган йили вилоятда 448 та объект ишга туширилиб, 8 минг 700 дан ортиқ иш ўрни яратилган. Лекин Самарқанддек катта салоҳиятга эга ҳудуд учун бу етарли эмас, - деди Шавкат Мирзиёев.

Шу мақсадда 2019-2020 йилларда амалга ошириладиган 968 та инвестиция лойиҳаси шакллантирилгани, хорижий давлатлар билан ҳамкорликда йирик саноат корхоналари ташкил этилиши маълум қилинди.

Самарқанднинг туризм салоҳиятидан фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича топшириқлар берилди.