Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда 100 нафарга яқин фуқарони хорижга юбориш учун катта миқдордаги маблағни ўзлаштирган агентлик ходимлари тергов қилинмоқда

2018 йилнинг декабрь ойидан 2019 йилнинг декабрь ойига қадар бўлган вақт оралиғида фуқаро М.О. таниши О.З. билан бир гуруҳга бирлашиб, ижара олинган Самарқанд шаҳри Беруний кўчасидаги 32А уйда “Consort xususiy bandlik agentligi” МЧЖнинг офисини ташкил қилиб, ўзгаларнинг мулкини фирибгарлик йўли билан эгаллаш мақсадида, хорижда ишлаш истагини билдирган фуқароларга Япония, Германия ва бошқа хорижий давлатларга ишга юборишни ваъда қилиб, 100 га яқин фуқародан жами 786.948.000 сўм пулларни қўлга киритишган.

Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИВ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан “Consort xususiy bandlik agentligi” МЧЖ директори М.О. ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши доирасида жами 95 нафар фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, шулардан 84 нафари сўроқ қилиниб, жабрланувчи деб эътироф этилган бўлса, қолган 11 нафар фуқаро республикамизнинг турли вилоятларида яшаб келаётганлиги сабабли улар билан боғлиқ тергов ҳаракатларини ўзларининг яшаш ҳудуди бўйича ўтказиш чоралари кўрилмоқда.

Дастлабки  тергов давомида жиноят иши бўйича фуқароларга етказилган моддий зарарнинг 366 миллион сўми қопланган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.