Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда 103 та импортёр корхона 23 миллиард сўм манфий ҳисобот тақдим этди

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятини аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига етказишга бағишланган семинар ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Ж.Абдиев, Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ш.Аҳмедовлар солиқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритиб, мазкур фармон мамлакатимиз инвестициявий муҳитини янада яхшилаш, адолатли рақобат тамойилларини жорий этиш, солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш амалиётини тартибга солишда муҳим дастуриламал ҳужжат бўлганини таъкидлади. Семинарда фармон мазмун-моҳияти, ўзгариш ва янгиликлар кўргазмали слайдлар ёрдамида иштирокчиларга тушунтирилди.

– Мазкур фармонга мувофиқ бир қатор ўзгаришлар амалиётга татбиқ этилишини таъкидлаш лозим, – деди Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Жаҳонгир Абдиев. – Жумладан, жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб товарларни сотишдан тушумнинг миқдоридан қатъи назар, бензин, дизель ёқилғиси ва газ ёқилғи қуйиш станциялари орқали охирги истеъмолчиларига сотадиган юридик шахслар қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланади. Шу йилнинг 1 октябридан бошлаб товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан тушум миқдоридан қатъи назар, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланади. Товарларни биринчи марта импорт қилувчи хўжалик субъектлари импорт шартномаси тузилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида ҳисобга туриши шарт. Барча импортёр хўжалик юритувчи субъектларни бир хилда қўшилган қиймат солиғи тўлашга ўтказилиши савдо ва ишлаб чиқариш соҳасида фаолият кўрсатувчи субъектларга бир хил солиқ режимида бўлишини таъминлайди. Бу эса уларнинг ўзаро нархлари бирхиллашига олиб келишига замин яратади. Таъкидлаш жоизки, божхона расмийлаштируви жараёнида тўланган қўшилган қиймат солиғи кейинчалик ички бозорда реализация қилинган товарлар бўйича бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммасини аниқлашда ҳисобга олиниши солиқларни фақатгина янги қўшилган қийматдан тўланишини таъминлайди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг айланма маблағлари тежалишига сабаб бўлади ва товарлар нархини барқарорлаштиради.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбасининг маълумотларига кўра, айни пайтда вилоятда бензин, дизель ёқилғиси қуйиш билан шуғулланувчи 234 та корхона фаолият юритмоқда. Шундан 122 таси (52,1 фоизи) қўшилган қиймат солиғи тўловчилардир. Ушбу маҳсулотларга нархлар бир хил ўрнатилганига қарамасдан, соҳа корхоналари учун тенг рақобат муҳити яратилмай қолинаётганини таъкидлаш жоиз. Бугунги кунда вилоятда 341 та газ ёқилғи қуйиш станцияси истеъмолчиларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Улардан 202 таси (59,2 фоизи) қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сифатида фаолият кўрсатмоқда. Истеъмолчиларга газ қуйиш шохобчалари орқали реализация қилинадиган газнинг сотув нархи эркин нарх асосида шаклланади. Бу эса ўз-ўзидан қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлмаган корхоналарнинг даромадлари ошишига олиб келади ва эркин рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатади.

 2019 йилнинг май ойи якуни бўйича вилоятда 103 та импортёр корхона 23,0 миллиард сўм манфий ҳисобот тақдим этан. Ушбу корхоналар томонидан божхона расмийлаштируви жараёнида бюджетга тўланган 23 миллард сўм ҚҚСнинг реализация қилинган товарлар бўйича ҳисобланган ҚҚС суммасидан ортиқ бўлганлиги боис бюджетга тўлаш учун солиқ ҳисобланмасдан, аксинча камайтиришга ҳисобланган.

Семинарда иштирокчиларни қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоб қайтарилиб, жорий этиладиган ўзгариш ва янгиликлар хусусида батафсил тушунтириш берилди.