Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда 38 та пахта териш машинаси мавсумга тайёрланди

Жорий йилда вилоят пахтакорлари 75 минг 580 гектар майдонда ғўза парваришлади ва етиштирилган ҳосилни тез фурсатда йиғиб-териб олиш учун мавсумга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

- Жорий йилда вилоятдаги 9 та кластер корхонаси ҳамда 2 минг 120 та фермер хўжалиги томонидан 215 минг 500 тонна қимматбаҳо саноат хомашёси етиштириш режалаштирилган, - дейди Агроинспекциянинг вилоят бошқармаси бўлим бош инспектори Баҳодир Раҳмонов. - Йиғим-теримни уюшқоқлик билан ўтказиш учун вилоятдаги 27 та пахта қабул қилиш масканида мавсумолди тайёргарлик тадбирлари амалга оширилди. Режага кўра, пахта қабул қилиш масканларидаги 117 та ўт ўчириш мосламаси, 117 та кичик механизация воситалари, 23 та ёпиқ омбор, 422 та ғарам майдони, 347 та электр шкафлар ҳамда 469 та ёритиш мосламаси таъмирланди.

Етиштирилган ҳосилнинг салмоқли қисмини пахта териш машиналарида  йиғиштириб олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда кластер корхоналари томонидан хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган 26 та замонавий пахта териш машиналари харид қилиниб, мавсум давомида жами 38 та пахта териш машиналари иштирок этиши мўлжалланмоқда.

Агроинспекциянинг вилоят бошқармаси ахборот хизмати.