Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда 70331 нафар бола 1-синфга қабул қилинди

Бугун вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов раҳбарлигида ZOOM платформаси орқали онлайн йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда 1-синфга ўқувчиларни қабул қилишнинг ҳолати, яқинда ўтказиладиган вилоят ҳамда туман шаҳарлар август кенгашларига тайёргарлик кўриш, мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилаётган умумтаълим мактабларидаги қурилиш ишларини сифатли якунлаш каби муҳим масалалар муҳокама этилди.

Айни пайтга қадар вилоят умумтаълим мактабларига 70331 нафар бола 1-синфга қабул қилинди. Бу 2020-2021 ўқув йилида 1-синфга қабул қилиниши режалаштирилган болаларнинг 89,1 фоизини ташкил этади. Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари, Самарқанд, Жомбой, Пайариқ, Каттақўрғон ва Нарпай туманларида ўқувчиларни 1-синфга қабул қилишга доир қатор муаммолар мавжуд. Ушбу муаммоларнинг юзага келиш сабаблари бўйича халқ таълими бўлими мудирлари огоҳлантирилди.

Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Қўлдош Саидов янги ўқув йили олдидан ўтказиладиган вилоят август кенгашларига тайёргарлик кўриш бўйича тавсиялар берди.

Умумтаълим мактабларида амалга оширилаётган мукаммал таъмирлаш ишлари, уларни янги ўқув йилига тайёрлаш ҳамда белгиланган муддатларда якунлаш бўйича бошқарма бошлиғи ўринбосари Элмурод Суяров тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, инвестиция дастури асосида қурилиш олиб борилаётган 31 та мактабдан 14 тасида ишлар якунланди. Янада 17 тасида эса давом этмоқда. Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 22 та мактабда амалга оширилаётган қурилиш ишлари 68 фоизга бажарилган.

Самарқанд вилояти халқ таълими

бошқармаси ахборот хизмати.