Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда 863 та мактаб интернет тармоғига уланган. Қолганлари-чи?

Ёшларни маънавиятли, соғлом тафаккурли ва билимли қилиб тарбиялаш таълим муассасаларидан бошланади. Шу боис таълим ривожи, унинг сифатини таъминлаш  учун кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётир. Айниқса, халқ таълими тизимига катта эътибор қаратилаётгани ҳеч биримизга сир эмас. Соҳадаги янгиликлар билан танишиш ва ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олиш мақсадида Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зафар КАРИМОВ билан суҳбатлашдик.

– Тез муддатларда вилоятимиздаги 278 та кам қувватли мактаблар тармоқ мактабларига айлантирилади, - дейди З.Каримов. - Шунингдек, 200 га яқин эски, пахса ва хом ғиштли биноларга эга мактаблар учун қўшимча бинолар қурилиб, 203 та мактаб филиалларидаги шароит босқичма-босқич яхшиланади ва тўлақонли мактабга айлантирилади. Шу билан бирга, сув таъминотида муаммоси бор 282 та, атрофи тўлиқ ўралмаган 661 та, ошхонаси, спорт зали, тиббий пунктлари бўлмаган мактаблардаги шароитлар яхшиланади. Компьютери йўқ мактабларга компьютерлар етказилиб, интернет тизими йўлга қўйилади.

– Вилоятдаги нечта мактаб компьютер ҳамда интернет билан таъминланган ва бу борада қандай ишлар амалга ошириляпти?

– Вилоятимизда 1214 та умумий ўрта таълим мактаби бўлиб, улардан 1053 таси компьютер билан таъминланган. 2019 йилда компьютерга эҳтиёжи бор мактабларга 387 та компьютер берилиши режалаштирилган.

Айни пайтда 863 та мактаб интернет тармоғига уланган бўлса, қолган мактаблар алоқа сифати пастлиги сабабли бундай имкониятга эга эмас. Вилоятдаги 98 та умумий ўрта таълим мактаби оптик толали кабеллар орқали юқори тезликдаги интернет билан таъминлаган. 2020 йилгача Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда бу кўрсаткични 100 фоизга етказиш ишлари олиб бориляпти.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 августдаги “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида нодавлат таълим муассасалари (хусусий мактаблар) ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу яхши, албатта. Чунки рақобат бор жойда ривожланиш бўлади. Нима деб ўйлайсиз, хусусий мактаблар бошқа мактаблардан нимаси билан фарқ қилади?

- Нодавлат таълим муассасаларининг давлат умумтаълим мактабларидан асосий фарқи мазкур мактабларга ўқувчи-ёшлар пуллик хизмат асосида таҳсил олади. Бу турдаги муассасалар инновацион технологиялар асосида замонавий жиҳозланган бўлиб, ҳар бир бола билан индивидуал ишлаш учун шарт-шароит яратилган. Шунингдек, ўқувчилар эрталаб қабул қилинади ва кеч соат 17:00 га қадар мактабда бўлади. Бу вақт давомида уларга тегишли таомнома асосида уч маҳал овқат берилади.

Айни пайтда Самарқанд шаҳрида 5 та ҳамда Каттақўрғон шаҳри, Иштихон ва Пайариқ туманларида 1 тадан шундай мактаблар бор. Афсуски, ёшлар орасида шундай имкониятлардан фойдаланмай, ўқишни ташлаб чет элга чиқиб кетаётганлари ҳам кузатиляпти. 

– Мактабни тугатмасдан қандайдир сабабларга кўра, ўқишдан кетган йигит-қизларга ҳам тез муддатда аттестат (шаҳодатнома) берилиши мумкинлиги ҳақида эшитяпмиз. Бу ҳақида батафсил маълумот берсангиз.

– Тўғри, республика Халқ таълими вазирлигининг 2018 йил 15 ноябрдаги “Экстернат тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги  буйруғига асосан, айрим сабабларга кўра умумтаълим мактабларида 9- ҳамда 11-синфни тугатолмай қолган фуқаролар экстернат тартибида ўқиб шаҳодатнома олиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Бунинг учун умумий ўрта таълим дастурларини давлат таълим стандарти асосида 9-синф доирасида мустақил ўзлаштирган ва тегишли йилда 16 ёшга тўладиган ҳамда ундан катта ёшдаги фуқаролар, шунингдек, умумий ўрта таълим дастурларини давлат таълим стандарти асосида 11-синф доирасида мустақил ўзлаштирган ва тегишли йилда 18 ёшга тўладиган ҳамда ундан катта ёшдаги фуқаролар (фанлардан якуний давлат аттестацияси) топшириши керак.

Бу йил 9-синфни битирганлик бўйича маълумотга эга бўлмаганлар Самарқанд шаҳридаги 37-ИДУМ ҳамда 11-синф аттестатини олмаганлар 17-умумий ўрта таълим мактабидаги масъуллар билан учрашиб, ҳужжат топширади. Уларга мустақил уйга топшириқ берилади ва имтиҳонда яхши натижага эришганлар аттестатга эга бўлади.

Шу ўринда айтиш жоизки, мактабни битирганлик маълумотини олмоқчи бўлганлардан тиббий маълумотнома (086- форма), 3х4 ҳажмдаги сурат, ўзи ўқиган мактабдан маълумотнома (ўқиган мактабидан қайси синфгача ёки чораккача ўқиганлиги тўғрисида), ариза (мактаб директори номига), фуқаролик паспорти нусхаси талаб қилинади. Дарвоқе, 11-синф ҳужжатини олмоқчи бўлганлардан 9-синфни тугатганлик тўғрисидаги шаҳодатномасининг асли ва нусхаси сўралади.

– Нима дейсиз, умумий ўрта таълим мактабларида ортиқча ҳужжатбозликлар кўпаймаяптими?

– Кейинги йилларда мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбиясига, ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятдаги обрў-эътиборини, нуфузини оширишга давлатимиз раҳбари томонидан эътибор қаратилиб, сўнгги икки йил ичида соҳага оид 2 та қарор ва 1 та фармон қабул қилинди.

Улардан келиб чиқиб, бугунги кунда педагог ходимларнинг обрўси оширилди, ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш  ва ортиқча ҳужжатбозликларга чек қўйилди. 

Жумладан, ўқитувчилар кўп йиллардан буён юритиб келаётган ҳужжатлар сони 7 тадан 3 тага камайтирилди. Шунингдек, ўқитувчилардан дарс ва тўгарак машғулотларини ташкил этиш ҳамда синф журналини юритишдан ташқари бошқа педагогик юкламалар бўйича ҳисоботлар ва қўшимча маълумотлар талаб қилинмайди. Бу қатъий назоратга олинган.

– Чекка ва тоғли ҳудудлардаги умумий ўрта таълим мактабларида фаолият олиб бораётган ўқитувчи-педагоглар учун имтиёзлар борми?

– Ҳозирча аниқ бир имтиёз берилгани йўқ. Аммо имтиёзли тураржой ва автокредитлар бериш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, чекка ва тоғли ҳудудлардаги мактабларда умумий ўрта таълим мактабларида  фаолият олиб бораётган педагогларга ойлик маошига устама бериш таклифи бўйича Вазирлар Маҳкамасига қарор лойиҳаси тақдим қилинган.

Мазкур имтиёзлар амалда қўлланиладиган бўлса, вилоятимизнинг чекка ҳудудларидаги мактабларда кадрларга бўлган эҳтиёж ҳам қондирилади.

Абдужаббор ПЎЛАТОВ суҳбатлашди.