Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Самарқандда февралнинг дастлабки ўн кунлигида 300 нафар тадбиркор фаолиятини қайта тиклади

Вилоят давлат солиқ хизмати органлари томонидан хуфёна иқтисодиётга қарши курашиш борасида назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Жумладан, 1-6 февраль кунлари ўтказилган 15 та тадбир давомида тегишли ҳужжатларсиз фаолият юритиб келган фуқаролардан жами 30 миллион 441 минг 800 сўмлик товарлар олиб қўйилди.

Хусусан, Нарпай тумани давлат солиқ инспекцияси шу туманда яшовчи фуқаро Ғ.Ч. давлат рўйхатидан ўтмасдан ўз уйида ноқонуний равишда стоматология хизматини кўрсатиб келгани аниқланди. Натижада фуқародан 16 миллион 300 минг сўмлик тиббий ускуналар вақтинчалик сақлаш учун олиб қўйилди.

Тайлоқ туманида ўтказилган назорат тадбирида эса фуқаролар Ҳ.Н., Ҳ.А. ва М.Д. тегишли ҳужжатларсиз савдо фаолияти билан шуғулланиб келаётгани аниқланиб, улардан 10 миллион 500 минг сўмлик товарлар далилий ашё сифатида олинди.

Жомбойлик Т.А эса тадбиркорлик қилишни ният қилибди-ю бу ишни қонун доирасида амалга ошириш кераклигини унутиб қўйган экан. У ўзи яшаб турган хонадонда давлат рўйхатидан ўтмасдан замонавий эшик-ром ясаб сотиш фаолияти билан шуғулланаётганда сири фош бўлди.

Самарқанд вилояти давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан олиб борилган профилактик суҳбатлар натижасида февраль ойи бошидан буён 717 нафар фуқаро якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Шунингдек, 314 нафар тадбиркор фаолиятини қайта тиклади.

Шамил МУТАЛИБОВ, Вилоят давлат солиқ бошқармаси 

солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи.