Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда ГЭС қурилади

2019 йил 2 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг «Самарқанд вилоятидаги «Дарғом каналида Шаудар кичик ГЭС қурилиши, Дарғом каналининг 135+50 пикетида кичик ГЭС қурилиши» инвестициявий лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни изчил кўпайтириш, республика иқтисодиёти тармоқлари ва аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини янада кўпроқ қондиришни таъминлашга қаратилган қарорда қиймати 30,63 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи ушбу икки лойиҳани 2019-2021 йиллар даврида амалга ошириш лозимлиги белгиланди.

Кичик ГЭСлар қурилиши учун Хитой Халқ Республикасининг «Эксимбанк»идан «Туронбанк» АТБ орқали 20 йил муддатга, шу жумладан, 5 йиллик имтиёзли даврга йиллик 2,2 фоиз ставкаси билан 24,8 миллион АҚШ доллари ҳамда «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамиятининг 5,8 миллион АҚШ доллари сарфланади.

Шунингдек, қарорга кўра, инвестициявий лойиҳани амалга ошириш доирасида четдан олиб келинадиган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар ва узеллар, материаллар, эҳтиёт қисмлар, приборлар, инструментлар, технологик ҳужжатлар, истисно тариқасида, мажбурий сертификатлаштириш тартиботларидан озод этилди.