Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган «Йўл харитаси» тасдиқланди

Вилоят адлия бошқармасида Президентимизнинг 2018 йил 9 январдаги «Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш, «Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси» мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тарғиб этишга бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Давлат органлари ва ташкилотларнинг юридик хизмат ходимлари иштирокида ўтказилган тадбирда вилоят адлия бошқармаси бошлиғи А.Халилов, бошқарма бошлиғи ўринбосари Ҳ.Хўжамқулов аҳолининг ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун ҳолда ҳуқуқий билимларини ошириб боришнинг замонавий усуллари, ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий иммунитетлари хусусида тушунчалар беришди.

- Ҳар бир юридик хизмат ходими мазкур фармон ҳамда концепцияни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»да белгиланган вазифалар ва уларнинг ижроси бўйича жойларда тарғибот тадбирларини уюштириши лозим, - дейди А.Халилов. – Ҳуқуқий саводхонликни оширишда «Шахс-оила-маҳалла-таълим муассасаси-ташкилот-жамият» тамойили бўйича ишлар тизимли олиб борилса, одамларда ҳуқуқий маданият шаклланади. Муҳими, уларда ватанпарварлик ҳисси кучаяди, жамиятдаги турли ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муносабати уйғонади.

Семинар якунида тингловчилар фармон ҳамда концепцияга мувофиқ жорий йилда амалга ошириладиган ишлар бўйича ишчи гуруҳи таркиби ва «Йўл харитаси»ни тасдиқлашди.

Сирожиддин ҚУВВАТОВ.