Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда ичимлик суви таъминоти яхшиланадими?

Самарқанд вилоят «Сувоқова» давлат унитар корхонасидан олинган маълумотларга кўра, 2018-2019 йиллар давомида Самарқанд шаҳрида 44,1 млрд. сўмлик сув тармоқларини қуриш, мавжуд сув тармоқлари ҳамда оқова сув қувурларини реконструкция қилиш ва янгилаш ишлари режалаштирилган.

Жумладан, ўтган даврда “Самарқанд вилоятининг ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармаси”дан ажратилган ушбу маблағлар асосида Кимёгарлар шаҳарчасида жами 4,42 километр эскирган ичимлик сув тармоқлари янгисига алмаштирилди. Шунингдек, 2 та сув иншооти атрофида ҳимоя девори, 1 та янги сув қудуғи қурилиб, 1 таси таъмирланди. Нарпай кўчасида 2,3 километр оқова сув тармоғи, Мотрид қўрғонида 7,4 километр оқова ва 2 километр ичимлик сув тармоқлари ётқизилган.

Жорий йил якунигача Мотрид қўрғонида 11,4 километр оқова сув тармоқлари ва 1 дона насос станцияси (КНС), “Чархин” сув иншоотини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади.

Бундан ташқари, Самарқанд шаҳридаги Сартепа, Сўғдиёна, Микрорайон «А» ва «Б» массивларидаги жами 15 километрдан ортиқ ичимлик сув тармоқлари алмаштирилади.

Каттақўрғон шаҳри (800 млн. сўм), Пахтачи (5 млрд. сўм), Пайариқ (9 млрд. сўм), Ургут (3,7 млрд. сўм) ва Нуробод (2,1 млрд. сўм) туманларида жами 20,6 млрд. сўм маблағ ҳисобидан сув иншоотлари ва тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш режалаштирилган.