Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда Корея билан ҳамкорликда илк замонавий консервация ва реставрация лабораторияси ташкил этилди

Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида Ўзбекистон ҳамда Жанубий Корея Республикалари ҳамкорлигида замонавий консервация ва реставрация лабораториясининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Жанубий Корея Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Кан Чже Квон, Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос департаменти бошлиғи Камола Акилова сўзга чиқиб, икки давлат ўртасидаги маданий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик ришталари бундан 1400 йил олдин ўрнатилгани, Самарқандга шу мақсадда ташриф буюрган элчилар “Афросиёб” музейи деворларидаги суратларда тасвирланганини алоҳида таъкидлади.

- Ушбу лойиҳанинг амалга оширилишига 2019 йилда Жанубий Корея Республикасининг Маданий мерос департамент фонди билан Маданият вазирлиги, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси ҳамда Фанлар академияси ўртасида “Ипак йўли маданий меросини тадқиқ этиш ва сақлаш”га доир меморандум имзолангани асос бўлди, - дейди лаборатория ускуналарини ўрнатиш ва ходимларга ўргатиш ишларига масъул ходим Жисео Ким.



– Юртингизда лабораториянинг ташкил этилиши кўплаб ноёб экспонатларнинг қайта тикланишига, Ипак йўли маданий меросининг сақланишига хизмат қилади. 2020 йил карантин бўлишига қарамай, ҳамкорликда лабораторияни ташкил этиш ишларини олиб бордик. Мақсадимиз Афросиёб музейида сақланаётган деворий суратларни келажак авлодга етказиш, уларни сақлаш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб бориш. 2021 йилда бевосита деворий суратларни ҳар томонлама мукаммал сақлашга эришиш учун бу ердаги атмосфера ҳавосини, намгарчиликни бошқариш имкониятини берадиган тизимни яратиш ниятидамиз. Шу билан бирга лойиҳа Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи фондида сақланаётган этнографик ва археологик топилмаларни реставрация ва консервация ишларини амалга ошириш учун ҳам йўналтирилган. Асосан металл ва тош экспонатлар реставрация қилинади. Биз видеороликлар орқали музей ходимларига ушбу ускуналардан фойдаланиш учун семинар-тренинглар ўтказдик. 2021 йилда лабораторияда кореялик таъмирловчи мутахассислар томонидан ускуналардан фойдаланиш бўйича семинар-тренинглар ҳар бир илмий ходим учун ўтказилади.

Мазкур лабораторияни замонавий асбоб-ускуналар ва кимёвий материаллар билан таъминлаш учун 700 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди ҳамда 12 турдаги ускуналар келтирилди.

 

- Олдин музейдаги реставрация жараёнлари қўл меҳнати асосида қилинар эди, - дейди музей таъмирловчиси Баҳриддин Болиев. – Лабораториядаги замонавий ускуналар бизга ҳар бир экспонатни мукаммал ўрганиш имкониятини беради. Масалан, мана бу видеокамерали микроскоп экспонатларни 50 минг мартагача катталаштириб кўрсатиш хусусиятига эга. Яна бир ускуна эскпонатларнинг юзасидаги тузларни ювади, яна бири катта босим остида консервация қилади. Ҳозирги кунда музейимиздаги 50 фоиздан ортиқ экспонатлар реставрацияга муҳтож, ушбу ускуналар тарихимизни келажак авлодга етказишда катта имкониятлар эшигини очади.

Самарқандда замонавий таъмирлаш лабораториясининг очилиши, юртимизнинг илмий салоҳиятини кучайтиришга, тарихий экспонатларимизни сақлашга, Ўзбекистоннинг Осиё минтақаси,  хусусан Жанубий Корея Республикаси билан маданий алоқалари ва ҳамкорлигини мустаҳкамлашга йўл очади.

Насиба Жонтўраева.