Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Самарқандда корейс хор жамоаларининг VII республика кўрик-танлови бўлди

Тадбирда Корея Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У, республика корейс миллий-маданий марказлар уюшмаси раиси Виктор Пак юртимизда истиқомат қилаётган корейс миллатига мансуб аҳолининг барча ўзбекистонликлар сингари урф-одат, миллий қадриятларини асраб-авайлаши ва ривожлантириши, фарзандларининг таълим олиши, истеъдод ҳамда салоҳиятини кенг намоён этиши учун тенг шароит яратилганлигини таъкидлаб ўтди.

Республикамизнинг барча вилоятларидан келган корейс хор жамоалари иштирок этган танловда ҳакамлар Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманининг "Пом-парам" хор жамоасини ғолиб деб эълон қилди. Шунингдек, Самарқанднинг "Саранг" ҳамда Хоразм вилоятининг "Пёл" жамоалари кейинги ўринларни эгаллади.

Мазкур танловда иштирок этганимиздан жуда хурсандмиз, – дейди Бухоро вилоятининг "Баҳор" хор жамоаси раҳбари Маргарита Тен. – Қатор йиллардан бери бу танловда иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар сафидан ўрин олиб келганмиз. Репертуаримиздан ўрин олган ўнлаб корейс миллий ашула ва рақсларини ижро этиб, самарқандлик томошабинларнинг олқишига сазовор бўлдик.  

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов иштирок этди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.