Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда мурожаатларга эътиборсиз қараган 39 нафар масъулларга маъмурий ва интизомий чора кўрилди

Вилоят ҳокимлигида жисмоний ва юридик шахслар ҳамда улар вакилларининг мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш юзасидан ўтказилган онлайн йиғилиш баёнида қайд этилишича, вилоятда жорий йилнинг биринчи чорагида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан мурожаатлар 17,7 фоизга ошган. 5116 та мурожаатларнинг ўз вақтида кўриб чиқилмаган ва муддатлари бузилган ҳолда кўрилгани 54 тани ташкил этди. Такрорий мурожаатлар 176 тага кўпайган.

Такрорий мурожаатларнинг асосий қисми Пайариқ, Паст Дарғом, Ургут, Самарқанд туманлари ва Самарқанд шаҳрига тўғри келади.

Мурожаатлар Ургут туманида икки баробар кўпайган бўлса, Паст Дарғом, Самарқанд ва Каттақўрғон туманларида жисмоний ва юридик шахслар ҳамда улар вакилларининг мурожаатлари белгиланган муддатлардан кечиктириб ижро этилган. Вилоят ер ресурслари ва давлат кадастр бошқармаси, соғлиқ сақлаш бошқармаси, қурилиш бошқармаси ва “Сувоқава” давлат унитар корхонаси ҳам мурожаатлар ижро муддатига эътиборсизлик қилган.

Мурожаатлар билан ишлашда йўл қўйган хатолари учун 39 нафар масъулларга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий ва интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Вилоят ҳокимлиги томонидан биринчи чорак давомида туман ва шаҳарларда 7 марта сайёр қабул ўтказилган. Бу қабуллар давомида 2385 та мурожаат қабул қилиниб, 1904 таси ижобий ҳал этилган. 481 мурожаат бўйича тушунтириш ва тавсия берилган.