Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда Олий Мажлис сенаторлари ва депутатлар Давлат дастур ижросини кўриб чиқдилар. Натижа қандай?

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурининг ижтимоий соҳани ривожлантиришга доир белгиланган вазифалар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишга бағишланган тарғибот-тақдимот семинари ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, вилоят ташкилотлари ва муассасалар раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирни Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова олиб борди.

- Президентимизнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони эълон қилинганига бир ой бўлди, - деди Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси З.Низомхўжаев. - Мазкур фармон ижросини таъминлаш юзасидан жойларда амалга оширилаётган ишлар билан танишиш жараёнида ачинарли ҳолатларга гувоҳ бўляпмиз. Яъни, ҳудудлардаги маҳаллий кенгашлар депутатлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг аксарияти ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларида белгиланган вазифаларни тўлиқ билмайди.

Ахир депутат ўз ҳудудларида аҳоли бандлиги ва реал даромадларини ошириш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, соғлигини сақлаш, улар учун замонавий, қулай ва арзон уй-жойлар қуриш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмани модернизация қилиш, таълим муассасалари фаолиятини жонлантириш борасидаги ислоҳотлардан бехабар бўлса, у қандай қилиб одамларнинг, сайловчиларининг ишончини қозонади? Бундай вазиятда Ҳаракатлар стратегияси лойиҳаси ҳамда шу асосда ишлаб чиқилган йил дастури бажарилишини сўрашнинг ўзи ноўрин эмасми?

Тадбирда қатор идора ва бошқармалар мутасаддиларининг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурида зиммасига юклатилган вазифалар юзасидан тақдимот-маърузалари тингланди.

А.ШЕРХОЛОВ.