Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда паррандачилик кластери ташкил этилади

Паррандачиликни янада ривожлантириш, соҳага илғор технологиялар ва инновацион ишланмаларни жорий этиш, парранда маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, уларнинг турлари ва экспорт кўламини кенгайтиришда вилоятимиз паррандачилик хўжаликлари республикамизда етакчилик қилмоқда. Айни пайтда 140 та паррандачилик корхоналарида 6 миллиондан зиёд парранда боқилиб, улардан бир кеча-кундузда 1 миллион 400 мингдан ортиқ тухум олинмоқда. Паррандачилик корхоналари томонидан наслли жўжа, тухум ва чорва озуқаси Тожикистон, Афғонистон давлатларига экспорт қилинмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 13 ноябрдаги “Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида илғор хорижий давлатларнинг тажрибасини ўрганган ҳолда ҳудудларда парранда етиштириш, уни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ҳолида истеъмолчига етказиш, экспорт салоҳиятини тўлиқ қамраб олган паррандачилик кластерлари ташкил этиш белгиланган.

Вилоятимизда ҳам 2019-2021 йилларда паррандачилик кластерларини ташкил этиш лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, Самарқанд туманидаги “Навобод наслли парранда” кўп тармоқли фермер хўжалигида паррандачилик кластери ташкил этилади. 230 мингдан ортиқ товуқ парваришланаётган корхонада ойига 200 тоннага яқин товуқ гўшти етиштирилмоқда.

Абдували Худоёров,

Бош прокуратура ҳузуридаги агроинспекция

вилоят бошқармаси бўлим бош инспектори.