Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда қайси кўчалар «снос»га тушган? Уларга қанча пул ажратилган?

Энг кўп маблағ Чўпонота массивида жойлашган собиқ “Ғор” ресторани орқасидаги 72 гектар ер майдонида туристик кўнгилочар мажмуа ташкил қилиш муносабати билан кўчирилиши аниқланган мулклар учун сарфланган Бу ерда жами 134 та объектларнинг 56 тасига 8 миллиард сўмлик компенсация амалга оширилган.

Рўдакий ва Бўстонсарой кўчасидаги «снос»лар учун ҳам шунга яқин бюджет маблағлари тўланган. Жумладан, Рўдакий кўчасининг Сиёб бозоригача бўлган қисмида бузилишга тушган жами аниқланган 50 та объектлардан 20 тасига 7,5 миллиард сўм, Бўстонсарой кўчасининг ўнг ва чап томонида жами аниқланган 74 та объектлардан 57 тасига ҳам шунча маблағ сарфланган.

Бундан ташқари, Амир Темур кўчасида жойлашган собиқ “Алпомиш” масъулияти чекланган жамият ҳудудидаги жами аниқланган 112 та объектлардан 11 тасига 5,7 миллиард сўм, Нарпай кўчасининг Кимёгарлар қўрғонигача бўлган йўл қисмини кенгайтириш ишларини амалга ошириш учун йўлнинг қизил чизиғига тушган жами аниқланган 205 та объектлардан 7 тасига 1,9 миллиард сўм компенсация тўловлари амалга оширилган.

Ибн Сино кўчасида эса жами 144 та уй-жойлардан 4 тасига 1,84 миллиард сўм, “Хўжа Юсуф Хамадоний” масжиди атрофида аниқланган жами 33 та объектлардан 4 тасига 1,1 миллиард сўм товон пули берилган.

«Снос» учун энг кам харажат Абдураҳмон Жомий кўчасида амалга оширилган. Бу ерда аниқланган жами 6 та объектлардан 1 та мол-мулк эгасига 0,35 миллиард сўм маблағ компенсация сифатида берилган.

Ё.ГАДОЕВ.