Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда раҳбарлар қон топширди

Самарқанд вилоят қон қуйиш марказида халқаро донорлар куни муносабати билан «Донорлик - олийжаноб ва савобли иш» мавзусида акция ўтказилди.

Акция давомида турли касалликлар ёки бахтсиз ҳодисалар туфайли қон алмаштиришга муҳтож беморларнинг ҳаётга қайтишларига ёрдам бериш, умидвор кўнгилларига малҳам бўлиш ҳамда соғайиб кетишларига ҳисса қўшишдек хайрли ва савобли ишга бел боғлаган юздан ортиқ юртдошимиз ихтиёрий равишда қон топширди. Бундай беғараз қон топширувчилар орасида вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, давлат хизматлари ходимлари, корхона-ташкилотлар раҳбарлари ҳам бўлди.

- 14 июнь беғараз қон донорлигини нишонлайдиган ўзига хос кундир, - дейди вилоят қон қуйиш маркази раҳбари Рофе Алиев. – Қон бериб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш ва аҳолининг қонга бўлган эҳтиёжини қоплаш, фавқулодда ҳолатларга тайёр туриш, давлат қон захирасини бойитиш, инсонларни доимий беғараз донорликка жалб этиш, ёшларни раҳмдиллик ва инсонийлик руҳида тарбиялаш муҳим аҳамият касб этади. Жорий йилнинг беш ойида ана шундай эзгу ишга бел боғлаган 12 минг киши марказимизда беғараз донор сифатида рўйхатдан ўтди.

Акция давомида беғараз қон топширганларга марказнинг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

Зарифа ҚАЮМОВА.