Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда саратон касаллигига даво изланди

Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон онкологлар ассоциацияси билан ҳамкорликда "Хавфли ўсмаларни даволашда мультимодал ёндашув" мавзусидаги ХVI – халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Республикамиздан ташқари Ҳиндистон, АҚШ, Россия, Жанубий Корея, Германия ҳамда Марказий Осиё давлатларининг етакчи клиникаларнинг онкология соҳаси бўйича тажрибали мутахассислари иштирок этаётган ушбу халқаро анжуманда вилоят ҳокими ўринбосари Р.Қобилов, Республика Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, профессор М.Тилляшайховлар Президентимизнинг 2017 йил 4 апрелдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида соҳада ислоҳотлар олиб борилаётгани, етакчи хорижий давлатларнинг тажрибаларини ҳаётга татбиқ этиш орқали саратон билан оғриган беморларни замонавий асбоб-ускуналар ёрдамида эрта ташхис қўйиб, самарали даволаш ишлари олиб борилаётгани ва тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш имконияти яратилгани, таъкидлаб ўтилди. 

Бугунги кунда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг ҳудудий филиаллари замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Республика маркази қошида саратон профилактикаси, экспериментал онкология ва радиологик ускуналар метрологияси марказлари ташкил этилди. Мураккаб жарроҳлик амалиётлари ҳамда даво муолажаларини юртимизда амалга ошириш йўлга қўйилди. Марказий Осиё давлатларида биринчи бўлиб паллиатив ёрдам бўлимлари очилди. Шунингдек, республикамизнинг тўрт минтақасида шу жумладан, Самарқандда ҳам махсус даволанишга эҳтиёжи бўлмаган беморларга ёрдам кўрсатувчи хоспислар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Жорий йилда марказнинг вилоятлардаги филиаллари 11 та замонавий гамма терапевтик ва 7 та брахитерапевтик нур бериш ускуналари билан таъминланади.

  – Онкология соҳасидаги долзарб муаммоларни муҳокама қилиш, уларга ечим излаш ҳамда янги диагностик ва даволаш усулларини амалиётга жорий этиш мақсадида ҳар йили юртимизда дунёнинг етакчи экспертлари, олимлари иштирокида илмий анжуманлар ўтказиб келинади, – дейди республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали директори, профессор Миржалол Жўраев. – Ҳозирда онкологик касалликларнинг тури кўпайиб, уларнинг олдини олиш ва даволаш олдимиздаги энг муҳим вазифа бўлиб турибди. Шу сабабли мазкур йиғинларимизга хорижлик ҳамкасбларимизни ҳам таклиф этиб, ўзаро фикр, тажриба алмашаяпмиз.

 

Конференция шўъба йиғилишларида иштирокчилар томонидан онкологик касалликларни замонавий технологиялар асосида даволаш, беморларга юқори самарали тиббий хизмат кўрсатиш бўйича долзарб мавзулардаги маърузалар тингланди.

– Ўзбекистонда кейинги йилларда онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш борасида дунё тажрибаси асосида иш олиб борилаётгани эътиборга сазовор, – дейди Н.Блохин номидаги Россия онкология илмий маркази профессори Алексей Трякин. – Тиббиёт муассасаларида ҳам замон талабларига мос шарт-шароит яратилган, энг сўнгги авлод тиббий асбоб-ускуналаридан фойдаланилмоқда. Бунинг натижасида онкологик жарроҳлик, кимё терапияси соҳасида яхши натижаларга эришилаётганига гувоҳмиз. Бу каби конференциялар эса бир-биримиз билан тажриба алмашиш, беморларни даволашда янги методлардан фойдаланишга ёрдам беради.

Анжуман якунида мазкур соҳада илмий изланиш ва тадқиқотлар олиб бораётган ёш мутахассис-олимлар ўртасида кўрик-танлов ўтказилиб, энг яхши тадқиқот муаллифлари аниқланади. Шунингдек, малакали онкологлар томонидан маҳорат машғулотлари ташкил этиш ва беморларни кўрикдан ўтказиш ҳам режалаштирилган.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.