Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда шу йилнинг ўзида 394 та 4G мобиль таянч база станциялари ўрнатилди

Кейинги йилларда ҳудудларда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Бу борада Самарқанд вилояти ҳам ортда қолгани йўқ.

Хусусан, рақамли инфратузилмани ривожлантириш доирасида жорий йилнинг шу давригача вилоят бўйича 871 километр оптик толали алоқа кабеллари ётқизилди. Шундан Самарқанд шаҳрига 177 километри тортилган бўлса, Нарпай туманига 67 километр ётқизилди. Ҳозирда вилоят бўйича ётқизилган оптик толали алоқа кабелларининг умумий узунлиги 3 900 километрга етказилди.

- Жорий йилда вилоят бўйича монтаж сиғими 37 мингдан зиёд абонентга мўлжалланган 101 та кичик станциялар ўрнатилди, - дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Азим Раҳмонов. - Станцияларнинг асосий қисми Самарқанд шаҳрига тўғри келади. Шунингдек, 100 мингга яқин абонент улаш имкониятига эга бўлган 52 та замонавий телекоммуникация қурилмалари ва 26,3 минг портли кичик сиғимли телекоммуникация ускуналари ўрнатилди. Натижада, автоматлаштирилган телефон станцияларининг умумий монтаж сиғими 150 мингтага етказилди, кенг полосали портларнинг умумий сиғими 280 мингга яқинлашди.

Ижтимоий соҳа объектларини юқори тезликдаги Интернет тармоғига улаш бўйича ҳам ишлар давом этмоқда. Жорий йилда вилоятдаги 214 та халқ таълими, 237 та мактабгача таълим, 111 та соғлиқни сақлаш объектларига оптик толали алоқа кабеллари ётқизилди.

Шунингдек, мобил алоқа қамровини кенгайтириш ва сифатини ошириш бўйича шу йилнинг ўтган даврида янгитдан ўрнатилган ҳамда модернизация қилинган мобиль таянч база станциялари 565 тани ташкил этди. Мазкур станцияларнинг 394 таси 4G технологияси асосида ишлаётганини алоҳида эътироф этиш лозим. Бу билан вилоятдаги аҳоли пунктларининг 98,9 фоизи мобил алоқа хизматлари билан, 75 фоизи эса мобил интернет хизматлари орқали қамраб олинди.

Самарқанд вилоятида йил якунига қадар 600 километрдан зиёд оптик толали алоқа кабеллари ётқизилиши режалаштирилган. Тортиладиган кабелларнинг сезиларли қисми Ургут, Паст Дарғом, Пайариқ, Каттақўрғон туманларига тўғри келади. Ундан ташқари, йил якунига қадар 900 га яқин ижтимоий соҳа объектларига оптик толали алоқа кабеллари ётқизилиб, юқори тезликдаги интернет тармоғига уланади. 100 дан зиёд янги мобиль таянч база станциялари ўрнатилади ва 200 дан зиёди модернизация қилинади. Аҳоли, айниқса ёшларни замонавий ахборот-коммуникация технологияларига ўқитиш ва малакаларини ошириш мақсадида шаҳар ва туманларнинг барчасида рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилади. Мазкур марказларда ёшлар компьютер саводхонлиги бўйича бепул ўқитилади.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.