Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Самарқандда турк ресторани очилади

Самарқанд шаҳрида фаолият юритадиган “Умар” қурилиш компанияси раҳбари Умар Ражабов янги йилни янги режалар, янги лойиҳалар билан бошлади. У туркиялик ҳамкорлари билан бир неча лойиҳани амалга оширмоқчи.

Жумладан, “Серҳатлилар Самарқанд Лифт” қўшма корхонасини ташкил этиб, Туркияда машҳур бўлган замонавий лифтларни ишлаб чиқариш ниятида.

– Биз стандандарт лифтлардан ташқари ёш болалар ва ногиронлар учун мўлжалланган лифтлар ҳам ишлаб чиқарамиз, – дейди Туркиядан келган ишбилармон Ферҳат Чифчи. – Лифтларимизнинг кўриниши жуда жозибали ва кўрган кўзни қувонтирадиган бўлади. Улар одатдаги лифтлардан тез кўтарилиши билан ҳам фарқ қилади.

Қурилиш компанияси туркиялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда очаётган иккинчи қўшма корхона “Самарқанд Истамбул Дўстлик” деб номланган бўлиб, вилоятимизда цемент ва асфальт заводлари, Туркияда машҳур бўлган «Ақлли уйлар» ва замонавий турк меҳмонхонаси, шунингдек, бир неча арзон меҳмонхона – хостелларни қуришни режалаштирган. Бу қўшма корхона қурадиган муассасалардан яна бири турк тиббий клиникасидир.

– Биз ўзбекистондагиларнинг кўпчилиги Туркияга бориб даволанаётганини биламиз, – дейди қўшма корхона ташкилотчиси Селжук Эрзи. – Аммо қардошларимизнинг ҳаммаси ҳам Туркияга бориб, даволаниб келолмайди. Шу сабабли Самарқандда клиника ташкил этиб, юртимиздан малакали мутахассисларни бу ерга олиб келамиз.

Яна бир янгилик. Туркияда «Турку бар» деган кафелар бор. Ширинликлар билан қаҳва ёки чой ичиб, ҳордиқ чиқарасиз. Ҳар бир кафеда таниқли ижрочилар навбати билан ўз қўшиқларини куйлашади. Турк ҳамкорлар Самарқандда ҳам ана шундай ресторан очишмоқчи. Унда миллий мумтоз куй-қўшиқларимиз жонли тарзда ижро қилиниб, ташриф буюрувчилар енгил таомлар билан овқатланиш баробарида мақом қўшиқларидан ҳам баҳраманд бўлишади.

Ҳа, айтганча, Самарқандда амалга оширадиган бунёдкорлик ишларига асосий сармоя турк ишбилармонлари томонидан киритилади, қурилиш ишларини эса, “Умар” қурилиш компанияси амалга оширади.

Каримберди Тўрамурод.