Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда вилоят спорти аҳволи таҳлил қилинди. Хўш, натижалар қониқарлими?

Вилоятда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш юзасидан амалга оширилган ишларга бағишланган видиоселектор йиғилишида Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов соҳа фаолиятини қониқарли эмас, деб таъкидлади.

Бугунги кунда вилоятда 5555 та спорт иншооти мавжуд. Маълумотларга кўра, бу иншоотларда бир кунда 161 минг киши, жумладан, 65 минг нафар қизлар спорт билан мунтазам шуғулланмоқда.

Аммо, йиғилишда аҳолини, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан қамраб олишга етарли даражада эътибор қаратилмаётгани, ҳудудларда спортнинг инсон ва оила ҳаётидаги муҳим аҳамияти тарғиб этилмаётгани, иқтидорли спортчиларни саралаш, тайёрлаш тизими, муассасаларининг моддий-техник базасини замон талабларига мослаштириш масалаларида муаммолар  кўплиги қайд этилди.

Ўтган йил спортнинг ўйин турлари бўйича Ўзбекистон чемпионати ва кубокларида гандбол бўйича 7 мусобақадан 3 тасида, волейбол бўйича 6 мусобақадан 2 тасида, регби бўйича 4 мусобақадан 3 тасида вилоят терма жамоаси иштирок этмаган. 2018 йилда спортнинг 15 та тури бўйича ўтказилган мусобақалар таҳлил қилинганда Жомбой, Қўшработ, Нарпай, Нуробод туманларида бор-йўғи иккитадан бундай тадбирлар бўлиб ўтгани ойдинлашди.

Тадбирда спорт федерациялари фаолияти қониқарсиз ташкил қилингани, уларнинг иқтидорли спортчиларни танлаб олишга қаратилган селекция ишларини олиб бормаётгани, федерация раҳбарларининг туман ва шаҳар ҳокимликлари, ҳомий ташкилотлар билан ҳамкорлиги йўлга қўйилмагани танқид қилинди.

- Спорт федерацияларининг фаолияти қониқарсиз, – деди вилоят ҳокими. - Қўлга киритилган натижалар бармоқ билан санарли. Энг ачинарлиси, бадминтон, теннис, регби турлари бўйича яхши натижа кўрсатилмаган.

Вилоятда бугунги кунда сунъий қопламали мини-футбол майдонлари

202 тани ташкил этса-да, Каттақўрғон шаҳрида 3 та, Қўшработ туманида 5 та холос. Сўнгги 3 йил давомида Нарпай туманидан эркин ва юнон-рум кураши, Пахтачи туманидан дзюдо, бокс бўйича бирорта ҳам  профессионал спортчи етишиб чиқмаган.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 2014 йилда Паст Дарғом туманида, 2015 йилда Ургут туманида қурилган сузиш ҳавзаларидан ёз мавсумида 7 ой фойдаланилиб, қолган даврларда газ босимининг пастлиги баҳона қилиниб, деярли фаолият кўрсатмаяпти. Икки туман мутасаддиларига Наврўз байрами арафасида сузиш бўйича “Наврўз кубоги” мусобақасини ташкил этиш топшириғи берилди.

Бу йил “Динамо” профессионал футбол клуби супер лигада ўйин олиб бориши, “Динамо” стадиони мавсумга шай ҳолатга келтирилаётгани, футболчилар учун махсус автобус харид қилинаётгани айтилди. Эндиликда футбол бўйича ҳудудлараро мусобақалар ўтказилади. 

Йиғилишда жойларда маданий ва спорт тадбирларини кўпроқ ўтказиш, аҳолини спортга жалб этиш ишлари янада кучайтирилиши таъкидланди. 2020 йил Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига лицензия олиш имкониятига эга бўлган номзод спортчиларга алоҳида масъуллар ва ҳомийлар томонидан ойлик маош белгиланадиган бўлди.

Ҳусан  ЭЛТОЕВ.