Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди

27 февраль куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг олтмиш иккинчи сессияси бўлиб ўтди.

Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарган сессия иши туман ва шаҳар студиялари билан уланган ҳолда видеоселектор тарзида ўтказилди.

Сессияда депутатлар билан бирга кун тартибидаги масалаларга дахлдор мутасадди идора ва ташкилотлар раҳбарлари қатнашди.

Кун тартибидаги биринчи масала – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2019 йил 15 февралдаги КҚ-507–III-сонли “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ҳақида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчиси Б.Насриев сўзга чиқди.

Қайд этилдики, парламент юқори палатасининг қарори билан жорий йилнинг май ойида мамлакатимизда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови ўтказилиши белгиланди. Мазкур қарор билан сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишга доир тадбирлар режаси ҳамда Олий Мажлис Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси таркиби тасдиқланди.

Бу галги сайловда вилоятимизда 1089 нафар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайланади. Мазкур тадбирни амалдаги қонун талаблари асосида ташкил этиш мақсадида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси таркиби ҳамда сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тадбирлар режаси тасдиқланди.

Шундан сўнг, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси депутатлик гуруҳи томонидан тайёрланган “Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Самарқанд шаҳридаги ижроси тўғрисида”ги масала муҳокама этилди.

Ушбу масала юзасидан Халқ демократик партияси депутатлик гуруҳи аъзоси Ў.Саидмуродов ахборот берди.

Қайд этилишича, қонун ижросини ўрганиш жараёнида Самарқанд шаҳар жамоатчилик транспорти фаолиятида жиддий камчилик ва муаммолар борлиги аниқланди. Жамоатчилик фикрини билиш мақсадида zarnews.uz сайти ва ижтимоий тармоқлар орқали “Самарқанд шаҳридаги автобус ва таксилар хизматидан кўнглингиз тўляптими? Транспорт хизмати сифатини яхшилаш учун қандай таклифингиз бор?”, деган саволлар орқали ўтказилган сўровда иштирок этганларнинг 58 фоизи “Шахсан менга маъқул эмас”, деган жавобни берган. 34 фоиз қатнашчи “Хизмат ҳақи қиммат”, деган тўхтамга келган бўлса, сўралганларнинг 8 фоизигина “ар ҳолда маъқул”, деган хулосага келган.

Масала муҳокамасида депутатлар, мутасадди идоралар раҳбарлари иштирок этиб, ўрганиш давомида кузатилган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Сессияда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқовнинг “Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ва баҳорги экин экиш ишларини тизимли ташкил қилиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги, вилоят ҳокими ўринбосарлари Б.Нуруллаев, О.Ходжаев, А.Нурқуловнинг “Самарқанд вилоятида туризмни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги, “Самарқанд вилоятига инвестициялар жалб қилиш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида”ги, “Самарқанд вилоятида ғалла ҳосилдорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирларнинг бориши тўғрисида”ги ахборот ва ҳисоботлари ҳам кўриб чиқилиб, маъқулланди.

Депутатлар вилоят адлия бошқармаси бошлиғи А.Халиловнинг “Самарқанд вилоятида 2018 йил давомидаги давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг аҳволи тўғрисида”ги ахборотини ҳам кўриб чиқдилар.

Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.