Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда янги иш ўринлари яратиладими?

Ҳар йили аҳолининг ўсишини ҳисобга олиб, фуқароларнинг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида вилоятда янги иш ўринлари яратилади. Бу йил негадир вилоятда янги иш ўринлари ҳақида ахборотга эга эмасмиз. Негаки, жорий йил бошидан буён вилоят бандлик бош бошқармасига бир неча бор қўнғироқ қилдик. Бироқ ҳанузгача тайинли жавоб ололмадик.

Куни кеча бошқарма бошлиғи билан боғландик.

- Вилоятда қанча иш ўрни яратилиши ҳақида ҳанузгача Давлат дастури тасдиқлангани йўқ, - деди А.Усмонов.

Савол туғилади: Давлат дастури тасдиқланмаса, вилоятда иш ўрни яратилмайдими? Буни қандай тушуниш керак? Аслида, бу йил икки ҳисса кўп иш ўрни яратилиши керак эмасми? Негаки, карантин сабаб кўплаб фуқароларимиз хориждан келди. Уларнинг тақдири нима бўлади, ким иш билан таъминлайди?

Тўғри, вилоят ҳокимлигининг телеграм каналида вилоят бандлик бош бошқармаси корхона ва ташкилотларда мавжуд бўлган 10 мингдан ортиқ вакант ўринларга ишга таклиф этилиши ҳақида эълон берилди. Вакант ўринларга ўртача 1 миллион сўм атрофида ойлик таклиф қилинаётган экан. Баъзи иш ўринларининг маоши 600-800 минг сўм атрофида.

Энди ўзингиз ўйланг, бундай маош билан оила тебратиб бўладими? Бугунги кунда вилоятда ишсизлар сони 148,8 минг нафарни ташкил этаётган бир пайтда Давлат дастурини кутиб ўтириш қанчалик тўғри?

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.