Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда янги очилган университет филиалига 50 гектар ер ажратилади

Аввал хабар берганимиздек, вилоятимизда Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиали ташкил этилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 сентябрдаги "Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш ҳақида вилоят ҳокимининг жорий йил 21 сентябрда 144-Қ-сонли қарори қабул қилинди. Унга кўра, мазкур филиалда 2020-2021 ўқув йили учун бакалаврлар ва магистрлар тайёрлашнинг таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича қабул квотаси тасдиқланди.

Шунингдек, ўқув ишлаб чиқариш амалиётларини профессор-ўқитувчиларнинг ҳамда илмий тадқиқотчиларнинг дала тажрибалари ва илмий тадқиқотларини ўтказиш мақсадида "Ахборот маслаҳат маркази"ни ташкил этиш учун 50 гектар суғориладиган ер майдони ажратилади.

Филиалга бошқа ҳудудлардан ишга қабул қилинадиган профессор-ўқитувчилар турар жой билан таъминланади.

Эслатиб ўтамиз: жорий йилда ушбу филиалга 515 та қабул квотаси ажратилди. Жумладан, бакалавр - 475 та (95 та давлат гранти, 380 та тўлов-контракт), магистратура - 40 та (барчаси давлат гранти).

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.