Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанддаги 42 та мактабда вариатив (ўзгарувчан) ўқув режа жорий этилди

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги умумий ўрта таълим мактабларида тажриба-синов тариқасида вариатив (ўзгарувчан) ўқув режа жорий этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг 2019 йил 28 декабрдаги “Умумий ўрта таълим мактабларида вариатив (ўзгарувчан) ўқув режаларини тажриба-синовдан ўтказиш тўғрисида”ги буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармасининг тегишли буйруғи қабул қилиниб, шу асосда аниқ белгиланган вазифалар амалга оширилмоқда.

Вариатив (ўзгарувчан) ўқув режани амалиётга жорий этиш олдидан вилоятдаги барча умумтаълим муассасаларида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари орасида сўровномалар ўтказилди. Мутахассислар уларнинг янги ўқув режага муносабати, қизиқишларини ўрганишди. Натижалар кутилганидан-да ижобий бўлди. Яъни, аксарият ота-оналар ҳамда ўқувчилар вариатив ўқув режанинг асосий мақсади ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга киришида ўзига хос имконият, илм олиши учун имтиёз эканлиги тушунтирилганда талаб янада ортди. 

— Фарзанди умумтаълим мактабини битираётганда ҳар бир ота-она уни олий ўқув юртига ўқишга киришини истайди, — дейди тойлоқлик Шоира Алиқулова. — Уларнинг аксарияти боласини репетиторга беради, сарф-харажат қилади. Бугунги кунда мактабларда вариатив (ўзгарувчан) ўқув режанинг жорий этилаётгани фарзандларимиз ўқиётган мактабида, ўзлари қизиққан асосий фанлардан билим олиш имконини бермоқда. Бундан жуда хурсандмиз.

Вариатив ўқув режани жорий этиш бўйича жамоатчилик, ота-оналар катта қизиқиш билан муносабат билдирган бўлишига қарамасдан, кадрларга бўлган эҳтиёжни инобатга олиб ҳамда сўровномалар натижаларига кўра, Самарқанд вилоятидаги жами 42 та умумий ўрта таълим мактабида тажриба-синовдан ўтказиш бўйича педагогик кенгаш йиғилиши қарорлари қабул қилинди.

Жумладан, Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфидаги 11 та умумий ўрта таълим мактабида хорижий тил ва филология, молия-иқтисодиёт, технология, табиий фанлар, ижтимоий-гуманитар йўналишлари бўйича вариатив ўқув режаларни тажриба-синовдан ўтказиш жараёнига 10-синфларнинг 200 нафар ва 11-синфларнинг 168 нафар ўқувчилари қамраб олинди. 29-, 35-, 42-умумий ўрта таълим мактабларида хорижий тил ва филология, 6-, 10-, 30-, 49-умумий ўрта таълим мактабларида молия-иқтисодиёт, 14-умумий ўрта таълим мактабида табиий фанлар ҳамда 3-, 14-, 24-, 28-умумий ўрта таълим мактабларида эса гуманитар фанлар йўналишларида вариатив ўқув режа жорий қилинди.

Тажриба-синов тариқасида жорий этилаётган вариатив ўқув режа асосида вилоятдаги умумий ўрта таълим мактабларининг жами 1734 нафар 10- ва 11-синф ўқувчиси билим олмоқда. Ушбу синовлар ижобий натижа бериши, шунингдек, умумий ўрта таълим мактабларининг ўқитувчилари салоҳияти, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари хоҳиш-истагига кўра, вариатив ўқув режа асосида дарс ўтиладиган мактаблар сонини йилдан-йилга кўпайтириш кўзда тутилган.

Низомиддин ОДИЛОВ,

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиғи.