Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанддаги иқтисодий судлар тадбиркорлар фойдасига 105 миллиард сўмдан кўпроқ ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилган

Вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган брифингда вилоят иқтисодий суди раиси вазифасини бажарувчи О.Асатовнинг қайд этишича, олти ой давомида иқтисодий судлари томонидан 3573 та иш мазмунан кўрилиб, ҳал этилган.

Мазкур ишлар бўйича даъвогар (аризачи)лар фойдасига 105 миллиард 905 миллион сўм ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинган.

Биринчи инстанцияда вилоят ва туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари томонидан хусусий тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан кичик бизнес субъектлари даъвогарлигида 706 та ишлар кўриб чиқилган. Шундан 635 даъво қаноатлантирилган ва кичик бизнес субъектлари фойдасига 38 миллиард 505 миллион сўм ундирилган.

Жорий йилнинг 6 ойи мобайнида кўрилган ишлар таҳлил қилинганда энг кўп контрактация шартномаси (954 та), маҳсулот етказиб бериш шартномаси (622 та), солиқ қарзи бўйича ундирувни солиқ тўловчининг мол-молкига қаратиш (564 та), банкрот деб эътироф этиш (256 та), ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш (197 та), кредит шартномаси (92 та), ерга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низолар (90 та) кўрилган.

Қайд этилганидек, тадбиркорлик субъектлари Олий суднинг www.supcourt.uz веб-сайти орқали республиканинг исталган иқтисодий судларига нафақат даъво аризалари ва илтимосномаларни, балки апелляция ва кассация шикоятлари, назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги аризаларни ҳам электрон шаклда тақдим этмоқда. Жумладан, ҳисобот даврида хўжалик юритувчи субъектлардан 623 та даъво ариза (лар) электрон шаклда вилоят иқтисодий судларига тақдим этилган.

Ҳисобот даврида ишда иштирок этувчи шахсларнинг 337 нафар вакиллари ўзлари жойлашган ҳудудлардан чиқмаган ҳолда, видеоконференцалоқа режимида ўзга ҳудудда ўтказилган суд процессларида қатнашиб, уларнинг тахминан 50 миллион сўм маблағлари тежаб қолинган.

Иқтисодий суд судьялари томонидан кўрилган ҳар иккита ишдан биттаси, яъни 1799 та иқтисодий ишлар сайёр суд мажлисларида кўрилган. Барча кўрилган ишларда республика бюджети ҳамда суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармасига 4 миллиард 50 милион сўм давлат божи ундирилган.

Ёқубжон МАРҚАЕВ.