Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанддаги қадимги билим масканлари

Таниқли тадқиқотчилардан бири Адам Мецнинг маълумотига кўра, ислом мамлакатларидаги энг биринчи билим масканлари – мадрасалар IX-X асрларда шарқнинг йирик маданий марказлари  Самарқанд, Бухоро, Балх ва Нишопурда пайдо бўлган.

Самарқандда бундай мадраса ва мадрасаи олияларнинг майдонга келишида асосий омиллардан бири ислом цивилизациясининг етук мутахассисларга бўлган катта эҳтиёжи бўлса, иккинчиси, унинг ўша давр маданий, илмий, иқтисодий ва тижоратда тутган катта мавқеида ҳам эди. X аср муаллифлари қайд этишларича, ўша даврдаги бутун шарқда Самарқанднинг мавқеи ниҳоятда баланд эди. 982-983 йилларда ёзилган, муаллифи номаълум “Ҳудуд ал-олам” номли жуғрофий асарда Самарқанднинг катта ва обод шаҳарлиги, унда бутун жаҳондан тижоратчилар тўпланиши ва бу ерда ишлаб чиқарилган қоғоз турли томонларга олиб кетилиши айтилади.

X аср бошларида Сомонийлар даврида вазирлик лавозимида ишлаган Абу Абдуллоҳ ибн Аҳмад Жайҳоний (вафоти 941 йил) ўзининг “Ашкол ал-олам” номли араб тилида ёзган асарида Самарқанд аҳлининг доимий одоби работлар қуриш, хайриялар бериш, масжид ва мадрасаларга вақф сифатида мол-давлатларини сарф этишдан иборат эканлигини қайд этади.

Мадрасаларда кутубхоналар бўлиб, уларда ўқув жараёни, илмий тадқиқотларни амалга ошириш учун хизмат қиладиган қўлёзма манбалар мавжуд бўлган. Шунинг натижасида ўша даврдаги илмий-маданий ва адабий ҳаётнинг ҳолати, ундаги аллома ва шоирларнинг илмий-адабий мероси ана шу мадрасалар фаолиятининг маҳсули сифатида намоён бўлади.

“Ғиёс ул-луғат”да мадраса дарс ўқиш жойи тарзида изоҳланса, 1871 йилда Л.Будагов томонидан тузилган туркий сўзлар луғатида “мадраса - гимназия, олий ўқув юрти, масжид қошидаги семинария тарзида изоҳланиб, мадрасаи улум - университет ”, деб шарҳланади.

Олий таълим даргоҳи ўрта махсус билим юртлари - мадрасалардан фарқ қилиб, таълимнинг олий босқичи мадрасаи улум деб аталган. Улар ҳозирги университет мақомида мадрасаи улум, мадрасаи олия, деб номланган ва олий таълим муассасаси сифатида ўз замонининг университети мақомида бўлган.

Маълумотларга кўра, X асрнинг охирига келиб Самарқандда 17 та мадраса ва булар орасида мадрасаи олия мақомига эга бўлган мадрасалар ҳам мавжуд эди. Шаҳарда мадрасаларнинг сони XI-XII асрларда ва XIII аср бошида орта боради ва уларнинг фаолияти ҳам ривожланади, XII-XIV асрлар мўғул истилоси даврида аксарият мадрасалар ёпилди.

Самарқандда фан ва маданиятнинг янгидан туғилиши Амир Темур ва унинг набиралари Муҳаммад Султон ва Мирзо Улуғбек номи билан боғлиқ. Соҳибқирон Амир Темур Самарқандни пойтахт сифатида танлаганидан сўнг, унинг ҳар жиҳатдан мукаммал ва намунали бўлишига алоҳида эътибор қаратган. Бу ҳол таълим тизими муассасаларидан бўлмиш мадраса ва мадрасаи олияларни қуриш, уларни етук аллома, мударрислар билан таъминлаш ишида ҳам яққол кўзга ташланади. Шу даврда Амир Темурнинг амирларидан Идику Барлос, Шоҳмалик, Ферузшоҳ, малика Сароймулкхоним – Бибихоним ва набиралари Муҳаммад Султонлар томонидан қатор мадрасалар, жумладан, мадрасаи олиялар қурдирилган. Кейинчалик бу фаолиятни Амир Темурнинг набираси Мирзо Улуғбек кенг кўламда ривожлантирди, жаҳонга машҳур илмий кашфиётларни майдонга келтирган мадрасаи олия ва расадхона мажмуасини бунёд этди. Муҳаммад Султоннинг Амир Темур мақбараси комплексига кирган мадрасаси 1398-1401 йилда қурилган, Мирзо Улуғбекнинг мадрасаи олияси 1417-1420 йилларда Регистонда ва иккинчи мадрасаси ундан бироз кейин Амир Темур мақбарасида, Муҳаммад Султон мадрасасининг қаршисида (ўнг тарафда) қурилган. Мирзо Улуғбек таъсис этган биринчи мадрасаи олиянинг фаолияти қурилганидан 1918 йилгача давом этган. Афсуски, 1918 йилда большевиклар ҳукуматининг қарори билан Самарқанддаги барча мадрасалар фаолияти тўхтатилган.

XX асрда совет ҳукумати Самарқанднинг қадимийлиги, илмий ва маданий салоҳиятини ва Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон каби зиёлиларнинг матбуотда тўхтовсиз чиқишларини эътиборга олган ҳолда республика пойтахти Самарқандда 1924 йилда педагогик йўналишдаги икки йиллик олий ўқув юртини очиш ҳақида қарор қабул қилади. Шундай қилиб, XX асрда янги шакл ва мазмунда Улуғбек мадрасаи олиясининг ҳақиқий вориси бўлмиш Самарқанд давлат университетининг қайтадан шаклланишига асос яратди. Шундан сўнг, Самарқандда 1927 йил Педакадемия майдонга келиб, кейинчалик, 1930 йилда Самарқанд Олий педагогика институти Ўзбекистон давлат педагогика институти, 1930 йилда Ўзбекистон педагогика академияси деб аталди. 1933 йили у Ўзбек давлат университети ва 1960 йилдан Самарқанд давлат университети деб номланди.

Ҳозирги кунда Самарқанд давлат университети Мирзо Улуғбек мадрасаи олиясининг бевосита вориси бўлиб, унинг таъсис этилиш тарихи ҳам 1420 йилга Мирзо Улуғбек мадрасаи олиясининг таъсис этилиш санасига бориб тақалади. Бу гап Бухоро, Хива, Тошкентда аввалда мавжуд бўлган мадрасаи олиялар ва уларнинг ворислари бўлмиш университетларга ҳам тааллуқлидир.

Тоҳир МАҲМУДОВ,

Илҳом ҚУРБОНБОЕВ,

Самарқанд давлат университети ўқитувчилари.