Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанддаги сув омборларида ўтган йилгидан уч баравар кўп сув йиғилди

Самарқанд вилоят гидрометеорология бошқармаси маълумотига кўра, ўтган ойда ёғингарчилик меъёридан ортиқча - 60 миллиметрни ташкил этди. Ўтган йили йил давомида бу кўрсаткич атиги 170 миллиметрдан иборат эди. Бундай ёғингарчилик миқдори 2002, 2009 йилларда ҳам кузатилган. Бунга Ўзбекистон ҳудудида Жанубда ҳосил бўлган нам оқим Россиянинг Европа қисми ҳудудидан кириб келган нисбатан совуқ ҳаво оқими билан доимий қўшилиб туриши сабаб бўлмоқда.

- Бу йил баракали келди, мавжуд сув ҳавзалари сувга тўлди, - дейди вилоят сув омборларидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Азамат Суюнов. – Бу эса вилоятимизда сув танқислиги юзага келишининг олдини олишда асқотади. Масалан, Пайариқ туманидаги «Қорасув» сув омбори 26,9 миллион метр/куб сиғимига эга бўлиб, 8100 гектар ерни суғориш имконини беради. Ҳозирги кунда сув омборида 42,10 миллион метр/куб сув тўпланган. Ўтган йили эса ҳавзада 8,03 миллион метр/куб сув бор эди, холос. Ёки Ургут туманидаги «Қоратепа» сув омборида айни пайтда 17,03 миллион метр/куб сув жамланган. Олдинги йилда бу кўрсаткич 7,48 миллион метр/кубдан иборат эди. Бу ҳавза Ургут ҳамда Самарқанд туманидаги 4,5 минг гектар ерни сув билан таъминлайди. Худди шунингдек, Қўшработ туманидаги «Тўсинсой», «Оқчобсой», Нуробод туманидаги «Собирсой», Ургут туманидаги «Камонгарон» сув ҳавзаларида ҳам ўтган йилга қараганда анча кўп сув тўпланиши кутилмоқда. Чунки ҳали ёғингарчилик кунлари олдинда турибди. Шундай қилиб, бошқармамизга қарашли мавжуд сув ҳавзаларида ҳозирга қадар жами 94,6 миллион метр/куб сув ҳосил бўлди. Ўтган йили эса бор-йўғи 30,1 миллион метр/куб сув бор эди.

Кейинги пайтларда юз бераётган кучли ёғингарчиликлар, хусусан, жойларда сел ва дўл кетиши сув омборларидаги сув ҳажмини меъёрда ушлаб туришни тақозо этади. Шунингдек, айрим тоғолди ҳудудлардаги ҳавзаларни сел келишига олдиндан тайёрлаб сув сатҳини бироз пасайтириб сувни чиқариб туришга тўғри келмоқда. Йўқса, олдиндан айтиб бўлмайдиган ҳоллар юз бериши мумкин. Масалан, «Тўсинсой», «Қорасув» омборларида бир кечада секундига 380-390 метр/куб сел суви тушиши кузатилди. Айни пайтда «Қоратепа» ҳамда «Тўсинсой» ҳавзаларига тоғ сувлари тушиб турибди. Галдаги асосий вазифамиз Зарафшон дарёси оқимига қараб захира сувини шакллантиришдан иборат.

Адҳам ҲАЙИТОВ.