Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандга 4 кунда 16 минг сайёҳ келди

Вилоят туризмни ривожлантириш департаментидан олинган маълумотларга кўра, Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан мамлакатимизда эълон қилинган 4 кунлик дам олиш кунларида Самарқанд шаҳрига 9350 нафар маҳаллий ҳамда 6990 нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди.

Андижон вилояти, Балиқчи тумани ҳокимлигининг "Ғалаба" газетаси жамоаси қадим ва навқирон шаҳарнинг тарихий обидалари, замонавий масканларини зиёрат қилар экан, вилоят матбуот уйида ҳам бўлди. Водийлик ҳамкасбларимиз Зарафшон воҳаси матбуоти тарихи музейи, "Зарафшон", "Самаркандский вестник" ва "Овози Самар­қанд" газеталари таҳририятлари фаолияти, бинода ходимлар учун яратилган шароитлар билан танишди.

- Матбуот тарихи музейи - ўрганишимиз керак бўлган тажриба экан, - дейди "Fалаба" газетаси муҳаррири Шаҳзода Каримова. - Зарафшон воҳаси ижодий муҳити юртимиз матбуоти тарихида алоҳида ўринга эга эканига яна бир бор амин бўлдик. Умуман, Наврўздаги дам олиш кунларидан самарали фойдаланиб, юртимизнинг бетакрор табиати, тарихий обидалари ва гўзал манзараларидан баҳраманд бўлганимиз ижодий фаолиятимизга жўшқинлик бағишлаши шубҳасиз.

Ўз навбатида, ички туризмни ривожлантириш ҳамда "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил" акцияси доирасида ташкил этилган саёҳат давомида "Зарафшон" ва "Самаркандский вестник" газеталари бирлашган таҳририяти ходимлари Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларидаги тарихий масканлар ва диққатга сазовор жойларни зиёрат қилиб қайтди.

Жамоа водий аҳолисининг самимий ва меҳнаткаш одамлари билан суҳбатлашди, бой маданий мероси ҳақида маълумотлар олди, ўзига хос, хушманзара табиатига гувоҳ бўлди.

Ҳамкасбларимиз таассуротлари ҳақида газетамизнинг кейинги сонларида ўқишингиз мумкин.