Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандга келган хорижий сайёҳлар орасида афғонистонликлар етакчи

Самарқанд вилоятида 2020 йилнинг 15 декабридан 2021 йилнинг 15 январига қадар “Туризм ойлиги” эълон қилингани ҳақида хабар бергандик. Ойлик доирасида сайёҳлик хизматларида 50 фоизгача чегирмалар берилмоқда. Шунингдек, бир қатор акциялар ҳам эълон қилинган.

Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаменти ходимлари сайёҳлар оқимини ўрганиш мақсадида Регистон майдони, Амир Темур мақбараси, Бибихоним масжиди ва бошқа тарихий обидаларни кузатди.

Иш куни бўлишига қарамай, туристик объектларда сайёҳлар сони ошиб бораётганлиги қайд этилди. Сайёҳларнинг асосий қисмини Самарқанд вилоятининг қўшни туманларидан, шунингдек, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидан келган меҳмонлар ташкил этади.

Шаҳарга хорижий давлатлардан ташриф буюраётган сайёҳлар сони ҳам ошиб бормоқда. E-mehmon.uz маълумотларига кўра, октябрь ойи бошидан буён Афғонистондан 628 нафар, Туркиядан 448 нафар, Россиядан 276 нафар ва Қозоғистондан 134 нафар сайёҳ Самарқандда меҳмон бўлган.