Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандга Нобель мукофоти совриндори келди

Университет олимлари, тадқиқотчи ёшлар иштирок этган тадбирда илм-фанни ривожлантиришга хизмат қилувчи фикрлар, фундаментал лойиҳалар ва ғоялар, ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш масалалари хусусида сўз юритилди.

Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби дунё тамаддунига ҳисса қўшган буюк алломаларнинг айнан Ўзбекистон заминида камолга етгани хусусидаги маълумотларга Америкада ҳам, Европа мамлакатларида ҳам етарлича маълумотга эга эмаслар, – деди Азиз Санжар. – Ҳатто туркий халқлардан чиққан юзлаб олимлар, жаҳон илм-фани тараққиётини сезиларли даражада таъминлаган мутафаккирлар етишиб чиққани ҳақида тўлиқ тасаввур йўқ. Бу нимадан далолат беради? Аввало, туркий элатларда аждодлари давридаги каби илмга эътиборнинг пастлиги, фундаментал тадқиқотларга молиявий кўмак берилмаётганидадир.

Ўзимдан мисол, докторлик ишимни бошлаганимда "рекобин ДНК" соҳаси янги эди ва бу билан фақат Стэнфорд университетида шуғулланишарди. Рекобин ДНК биокимёвий усул бўлиб, унинг ёрдамида янги ДНК молекулалари, яъни кўплаб биоматериаллар ҳосил қилиш мумкин. Илмий раҳбарим олдига бориб, шу методни ДНК тикланишида қўллашни хоҳлашимни айтдим. Раҳбарим "Муаллиф яхши олим эмас", "Бундай ишни фақат Стэнфордда қилишинг мумкин", "Сен янги талабасан, бундай ишни қила олмайсан", демади. Шунчаки "Бўлди, бошлайвер!", деди. Тажрибаларим учун Американинг тегишли ташкилотлари миллион доллар маблағ ажратди. Шундан кейин ғоямни амалга оширдим ва Стэнфорддаги методдан биринчилардан бў­либ фойдаландим.

Олим мамлакатнинг илмга чанқоқ ёшларини янги ғоялар сари илҳомлантириш учун келганини таъкидлар экан, давлатнинг илм-фансиз рақобатбардош бўла олмаслиги, аниқ ва табиий фанларга эътиборни янада кучайтириш лозимлигини қайд этди. Бу борада ўзининг бир қатор таклифларини билдирди.

 

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.