Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Самарқандлик журналистлар илмий марказ ва ҳадис мактабида бўлди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Пайариқ туманидаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби билан танишиб, ушбу маскан бизга буюк аждодларимизнинг кимлигини англатиши, маънавият, маърифатни тарғиб этишини таъкидлаган ва бу ерни ҳар бир юртдошимиз зиёрат қилиши мақсадга мувофиқлигини қайд этган эди.

Айни пайтда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан юртдошларимиз келиб, илмий марказ ва ҳадис илми мактабида яратилган шарт-шароит ва имкониятлар, бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишмоқда.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун мазкур объектлар бўйлаб медиа-тур ташкил этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Шукрулло Умаров давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган марказ ва ҳадис илми мактабининг яратилиш тарихи, бу ерда икки йил давомида амалга оширилган қурилиш-бунёдкорлик ишлари, илмий ходимлар ва тингловчиларнинг буюк аждодимиз меросини ўрганиши учун яратилган шароитлар ҳақида гапириб берди. Марказдаги музей ва тарихий қўлёзмалар фонди ушбу масканнинг том маънода халқаро аҳамият касб этиши, унинг дунё миқёсидаги нуфузи ва салоҳияти юксаклигини кўрсатиб туриши қайд этилди.

– Президентимиз ушбу музейда бўлганларида бу ерда ишланган суратлар, Имом Бухорий ҳазратларининг қўлёзма асарлари ва уларнинг нусхаларини кўриб, бу маскан халқимиз, айниқса, ёшларнинг улуғ бобомиз ҳақидаги билим ва тушунчасини оширадиган жой бўлганлигини эътироф этди, – дейди Ш.Умаров. – Бу маънавий меросдан халқимизни баҳраманд этиш учун саёҳатлар ташкил этиш кераклигини таъкидлаган эди. Ҳозирда ҳар куни юртимизнинг турли ҳудудларидан, хориждан меҳмонлар келиб, ушбу маскан билан танишмоқда. Бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишларини кўриб, ҳақиқатдан ҳам дунёда тенги йўқ халқаро илмий-тадқиқот маркази ва ҳадис илми мактаби яратилганини айтишмоқда.

Оммавий ахборот воситалари вакилларига марказ қўлёзмалар фондида сақланаётган асарларни ўрганиш ва тадқиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Марказнинг 14 нафар юқори малакали ходимлардан иборат таржимонлар гуруҳи юртимиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг асарлари, қадимий қўлёзмаларни таржима қилиш билан шуғулланмоқда. Айни пайтда улар Имом Бухорийнинг яна учта асарини таржима қилиб, нашрга тайёрлаганлиги маълум қилинди. Эътиборлиси, ушбу асарлар асосида турли ёшдаги китобхонларга мўлжаллаб одоб-ахлоққа оид китоблар нашр этилмоқда.

Марказ ёнида бунёд этилган Ҳадис илми мактабида тингловчилар учун яратилган шароит, бу ердаги ўқув жараёнларнинг замонавий ахборот технологияларига асосланганлиги медиа-тур иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.