Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандлик санъаткор Дарвин Амануллаевни биласизми?

Юртимизда мусиқа илмини ривожлантиришга ҳисса қўшган, ноталар устида иш олиб борган, болалар мусиқасини сайқаллаштирган олим Дарвин Амануллаев асли самарқандлик эканини биласизми? У 1938 йили Равонак қишлоғида ўқитувчи оиласида таваллуд топган.

Ёшлигидан мусиқани, шеъриятни, санъатни  севиб, профессионал дирижёр, композитор, мусиқа олими бўлишни ва консерваторияда ўқишни орзу қиларди. Орзулар рўёби уни улкан марраларни забт этишга ундади.

Дарвин Амануллаев 1957 йилда Ўзбекистон давлат филармонияси қошидаги хор жамоасида солист сифатида ишлади. 1958-1961 йилларда М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясининг тайёрлов курсида “опера хонандалиги” йўналишида атоқли устоз Давид Муллоқандов ҳамда профессор Георгий Семёнович Израэлян синфларида таҳсил олиб, консерваторияни опера хонандаси ва вокал ўқитувчиси сифатида таълим даргоҳини муваффақиятли битирди.

Дарвин Амануллаев мусиқани шу қадар севардики, доим изланишдан чарчамасди. Консерваторияда ўқиш билан бирга мусиқа илмини чуқур ўрганиб, туркум мақолалар чоп эттирди. Мактабгача ва мактаб ёшидаги болаларнинг мусиқий эстетик тарбиясига оид илмий тадқиқотлар устида ишлади. Кўплаб халқаро ва Республика илмий анжуманларида мақолалари билан қатнашиб, фаоллик кўрсатди.

Тажрибали, етук мутахассис Дарвин Амануллаев бошчилигида яратилган ўқув ва услубий қўлланмалар, ўқув дастурлар билан ҳануз педагогик олий ва ўрта билим юртларида фойдаланиб келинмоқда. Айниқса, “Нота билан куйлаймиз” деб номланган умумий таълим ҳамда болалар мусиқа мактаблари ўқувчилари учун яратилган ўқув қўлланмаси кўплаб танловларда совринли ўринларни эгаллаган.

 У илмга чанқоқ ёшларга, ёш педагог ва олимларга қўлидан келган ёрдамини аямаган. Унинг шогирдлари Республика ўқув юртларида ва илмий-тадқиқот институтларида  Д.Амануллаев системаси бўйича фаоллик кўрсатмоқда, бир нечтаси педагогика фан номзодлари, доцент унвонларига сазовор бўлган.

Д.Амануллаев ғоятда болажон инсон эди. Унинг болаларга бўлган меҳр-муҳаббати “Чилдирма чалай”, “Бинафша”, “Бойчечак”, “Мактаб пианиноси” каби қўшиқларига жо бўлди. Бугун бу ўлмас мусиқий композиясилар болалар хор жамоаларида севиб ижро этилмоқда.

Дарвин Амануллаевнинг ёшлигидаги орзуларининг бир қисмига - ўзининг меҳнатсеварлиги ва интилиш-изланишлари орқали эришди. Қолганлари фарзандлари, неваралари ижодида бўй кўрсатмоқда.

Олимнинг композитор бўлиш орзусини - катта қизи, машҳур композитор, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, ҳозирда Ўзбекистон давлат консерваторияси “Эстрада хонандалиги” кафедраси мудири, профессор Дилором Амануллаева рўёбга чиқарди.

Унинг бисотидаги учта симфония (улардан биттаси хор учун), иккита вокал-симфоник қасидаси, фортепиано ва оркестр учун концерт, турли чолғулар учун камер асарлар (жумладан, квартетлар ва кенг тарқалган фортепиано учун “Самарқанд манзаралари” туркуми) Ўзбекистон мусиқачилар ва жамоаларининг концерт репертуарларидан мустаҳкам ўрин эгаллаган. Унинг ижодий изланишлари натижасида ўзбек эстрада мусиқасида мадҳия, эстрада романслари, эстрада ва жаз вокализлари, баллада, жаз қўшиқлари каби қатор янги жанр турлари вужудга келди. Дирижёр бўлиш орзусини эса – кичик қизи Дилрабо Амануллаева - Халқаро хор дирижёрлар танлови лауреати, Туркиянинг давлат Анқара университети қошидаги консерваториясида хор жамоаси дирижёри сифатида қондирди. Невараси Лайло Рихсиева эса 9 ёшидан бошлаб В.А.Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи ўқувчиси сифатида бир нечта Халқаро пианиночилар танловида Франция, Италия, Чехия, Буюк Британия каби давлатларда муваффақиятли қатнашди.

Дарвин Амануллаевнинг истеъдод ва юксак салоҳияти, мусиқий билими бугун унинг фарзандлари ва шогирдлари камолида бўй кўрсатаётгани қувонарлидир.

Тоҳир ҲАМИДОВ.