Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандлик ёшлар Президентга мурожаат қилди: Муаммо арзон уй-жойларнинг баҳоси қимматлигида

Самарқандлик бир гуруҳ ёшлар яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевга мактуб йўллашди. Уларнинг муаммоси – арзон уй деб олгани қимматлашиб кетганида. Хат мазмуни билан танишсангиз, ечими чигал муаммога дуч келасиз. Қуйида мактубдан парча келтирамиз.

 

Ассалому алайкум, Ҳурматли Шавкат Миромонович!

 Биз Самарқанд шаҳри, Навоий шоҳ кўчасида янги қурилган “Ёшлар уйи” эгалари, ушбуни ёзишимиздан мақсад, бизга ажратилаётган номи “арзон”, амалда қиммат бўлган хонадонлар хусусида.

Биз 2016 йилда, собиқ “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги “Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, шакллантирилган рўйхат асосида, ёш оилалар учун қуриладиган арзон уй-жойлардан сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлгандик. Ушбу уйни қуриш 2016 йил ўрталарида бошланган бўлса-да, лекин тендер 2017 йил 2 мартда ўтказилди. Унда мазкур уй-жойни 4 қаватли 32 та хонадонга мўлжаллаб
10 ой муддатда қуриш белгиланган бўлиб, ҚҚС билан 3 770 714 387 (уч миллиард етти юз етмиш миллион), ҚҚС сиз 3 142 261 989 сўм, ҚҚС ва ЯИТ сиз 3 066 682 836 сўм ажратилиши айтилган (тендер комиссияси ҳисоботи иловасида).

Лекин уйни қуриш ишлари 2017 йилда, ҳақиқатда, 2016 йилда бошланган бўлса-да, 10 ойда эмас... салкам уч ярим йилдан кейин (!) 2019 йил март ойида битди. Шу давргача бизга, “2017 йил Мустақиллик байрамига”, “2017 йил 8 декабрга”, “2017 йил охирига”, “2018 йил Наврўзгача”, “Ёшлар кунига”, яна “2018 йил 1-сентябргача”, ундан кейин “1 октябргача”, “ноябргача”, “декабргача”,
“8-декабргача”, “йил охиригача” қурилиш тугайди” деган ваъдаларни бериб келишди. Айни пайда кўп қаватли уй 4 эмас, тушунарсиз сабаб билан 5 қаватли қилиб қурилди (балки шу сабабли кечиккан). 

Уй битиб, аста-секин ёш оилалар кўчиб кириш арафасида маълум бўлдики, қурилиш ишлари сифатсиз бажарилган. Кириш подъездларига сифатсиз, девор учун мўлжалланган ингичка кафеллар ўрнатилган, унинг ҳам бир қисми синиб кетган. Уйнинг ташқи қисмидаги асфальт ва бино оралиғи очилиб ётибди. Ёмғир сувлари шундоққина уйдан 1 метр нарига тушади. Бу, албатта, хавфли. Болалар майдончасидаги арғимчоқлар сифатсиз ўрнатилганидан синиб кетган. Хонадонларнинг кириш ва ички эшиклари арзон материалдан ва сифатсиз, эшиклари яхши ўрнатилмаган. Қаттиқроқ тортса, синиб тушади ва оддийгина пол бўёғида бўялган. Канализация ишлари ҳам сифатсиз бажарилган. Пластик трубалар шунчаки девор устидан ўтказилган. Жўмракларнинг улама жойларидан сув чиқиб кетади. Газ таъминотида босим пастлиги учун муаммолар бор. Оддийгина уй учун лампочкалар ўрнатилмаган... Бунақа камчиликларни, афсуски, яна бир қанча келтириш мумкин.

Қурилиши узоқ муддат талаб қилган ушбу уйни биз эҳтиёжманд оилалар вакиллари, қурилиши тугадимикан деган умид билан бир неча бор, аниқроғи, 3,5 йил кузатиб борганмиз. Айниқса, қурилишда ишлатилган арматура камлиги, умуман қурувчи бўлмаган кишини ҳам хавотирга қўярди. Бетон плиталар деворларга тўлиқ ётмаганлиги, асосий таянчни тутиб турувчи тумбалар сони камлиги кўпчиликка аён бўлган. Цемент миқдорининг қанчалиги ҳам шунга муносиб бўлгани аниқ. Қабул қилиб олувчи масъуллар ва комиссия бу муаммоларни наҳотки эътиборга олмаган?

Биз ўзимизни назоратчи эмаслигимизни англаган ҳолда индамасдан “нархлар ҳам шунга мос бўлса керак-да, арзон уй-жойда” деган андиша билан юрганмиз. Давлат комиссияси вакиллари хулосаси билан етакчи иқтидорли авлод вакиллари деб топилган ёшлар, уларнинг фарзандлари ҳаёти хавфсизлигини бир чақага олмасдан қурилишни “рисоладагидек” деб қабул қилган қурилиш мутасаддилари ўз фарзандларини шу хонадонларда яшашларини истамаслиги кундек равшан. Акс ҳолда, бундай қилмас эдилар. Бугунга келиб, асоссиз нарх ҳаммамизни қийнамоқда. Қурилиш ташкилот мутасаддилари важлари бир талай. Уларни тендерга кимдир чақириб, “Шу уйни қурасан”, деб мажбурламаган ёки тендерни сохталаштирмаган, “қурилиш муддатини хоҳлаган вақтингда тугатишинг мумкин” демагандир. Бизнинг ишончимиз фақат Сиздан Муҳтарам Шавкат Миромонович.

Аҳвол шу даражага бориб етгунига қадар мутассаддилар ушбу ҳолатни бартараф этишмади. “Қурилиш фирмаси мустақил ва ҳеч ким унинг ишига аралашишга ҳақли эмас” дейилган тамойил йўқ. Қонун ҳамма учун тенг ва аҳамиятли дея Сизга мурожаат этишга жазм этдик. Биз ёшлар жамиятдан ёки давлатдан норози кайфиятда эмасмиз. Биз Сиз томонингиздан бизга берилган имкониятни суиистеъмол қилаётганлардан норозимиз.

2019 йил январь ойида уй ҳужжатларини расмийлаштириш вақтида, қурувчи “Жайҳун” МЧЖ ходимлари томонидан бизга қўнғироқ қилиб, “Ҳокимиятданмиз, эртага келинглар. Уйда йиғилиш ўтади, шаҳар ҳокимлигидан масъуллар қатнашади” деб бизни чақиртиришди (маълум бўлишича, бундан на шаҳар, ва на вилоят ҳокимлигининг хабари бор). Борсак, бизни “Жайхун” МЧЖ нинг директори ўринбосари деб таништиб, бизларга “Уйнинг нархи ҳар кв.м га 3 500 000 сўмдан (!) бўлади” деб шартнома тутқазмоқчи бўлди. Табиийки, йиғилганлар бунга рози бўлмади. Арзон уй-жойни нархи нега тижорий уй-жойлар қатори эканини сўраганимизда эса, масъул бунга сабаби қилиб, “ҳокимият томонидан бизга квотний қурилиш материаллари беришмади” деб изоҳлади.

Бироз муддатдан кейин, март ойи бошларида яна ўша рақамлардан “Жайхун” МЧЖ нинг масъул ходимаси қўнғироқ қилиб, “Шартномага қўл қўйиб кетинг. Квадрати 3 560 000 сўм деб чақиртирди. Албатта, кўпчилик бу таклифга кўнмади. Мазкур уйда истиқомат қилувчиларнинг аксариятининг даромадига тўғри келмайди.

Апрель ойи бошларида “Қишлоққурилишбанк”ка шартнома қилиш тегишли ҳужжатларни топшириш учун борганимизда, банк ходимлари “Сизлар шартномани қурувчи билан эмас, биз билан қиласизлар. Нархи у даражада қиммат бўлмайди, уй-жой қийматини банк белгилайди, қурувчининг ҳақи йўқ” деб жавоб қайтаришди. Биз бундан анча хурсанд бўлгандик.

Лекин маълум бўлишича, бу шунчаки гап экан. 2019 йил 20 апрелдан бошлаб қурилиш ташкилоти ходимлари телефон қилиб ҳаммани банк масъуллари иштирокида уй-жойнинг ҳар кв.м учун 3 650 000 сўмлик (!) шартнома имзолашга чақиртиришяпти. 2 хонали уйнинг нархи 200-210 млн. 3 хонали эса 260 млн. сўм экан. Билдикки, буни расман банк ҳам тасдиқлабди. Сўрасак, комиссия хулосаси, вилоят ҳокимлиги ҳам рози эканини важ қилишди. Биз энди нима қиламиз? Шунча йиллик меҳнатларимиз ва ютуқларимиз учун берилган ва “Президент туҳфаси” сифатида қабул қилган уйимиз учун мунча пулни қандай тўлаймиз? Наҳотки, буни маҳаллий раҳбарларнинг кўзи кўрмаган, қулоғи эшитмаган бўлса?

Ушбу саволларни қурувчи ва банк ходимларига берганимизда умумий гаплар билан жавобсиз қолдиришмоқда.

Бу уйда истиқомат қилувчиларнинг ҳаммаси асосан, давлат ва нодавлат ташилотларида фаолият юритувчилар бўлса, ўртача 1,3-1,6 млн. сўм ойлик билан кун кечирувчилар эканлигини “масъуллар” ва “комиссия” билармикан?

Тўлов эса 2 хонали уйга биринчи беш йиллик учун ойига 1,4-1,5 млн. дан, уч хонали учун ойига 2,1 млн. сўмдан тушаяпти. Бу даҳшатли рақамлар бошланиши. Миқдор беш йилдан кейин фоиз ставкаси ва асосий қарз билан 2-3 мартага ортади.

 Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Бизга маълум, бу борадаги номини “арзон”, лекин қиммат уйларни топшириш пайтида Республикамизнинг бир қанча ҳудудларида мана шунақа “банк-қурувчи-комиссия” томошаси бўлаётгани ва уй-жойга муҳтож ёшларни норозиликларини ОАВ орқали кузатиб бораяпмиз. Айниқса, Бухоро шаҳридаги ва Тошкент шаҳри Сергели туманидаги ҳолатларни кўриб, уларга ачиндик.

Кейинчалик тенгдошларимизнинг Сизга мурожаат қилганидан сўнг масала ижобий ечим топганини эшитиб, биз ҳам улар қатори хурсанд бўлгандик.

Ҳозир биз учун умидбахш ишонч бу - Сизнинг мазкур муаммонинг ҳал этилишидаги кўрсатмангиздир.

Ҳурматли Шавкат Миромонович! Биз учун охирги нажот бу - СИЗ!

Сизга ҳурмат ва эҳтиром билан, имзо чекувчилар:

З.Раҳмонова.

М.Хазраткулова.

М.Мухитдинова.

Ф.Бошмонов ва яна 22 нафар ёшлар.