Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанднинг лалми ерларида эронликлар беда, узум ва помидор етиштирмоқчи

Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасида навбатдаги инвестиция куни муносабати билан 3 нафар ташаббускор тадбиркор ўз таклифлари билан иштирок этишди.

Жумладан, Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги “Элмакон” корхонаси директори Х.Абдураҳмонов Самарқанд шаҳридаги “Сино” заводини сотиб олиш, «Жаҳонгир текс савдо» оилавий корхонаси раҳбари Ж.Жалилов хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда меҳмонхона қуриш учун ер майдони ажратиш таклифини билдирди. Эронлик тадбиркор Ванагам Фикранян “SAM VAN OIL” қўшма корхонаси раҳбари 5 минг гектар лалми ер майдони ажратилишида амалий ёрдам сўради.

- Бу ерда қудуқлар қазиб сув чиқаришни режалаштирганмиз ва беда экмоқчимиз, - деди “SAM VAN OIL” қўшма корхонаси раҳбари. – Бир қарашда бу экинни экиш самарасиздек кўринади, аммо биз бу чорва озуқасини экспорт қиламиз. Масалан, сизларда бу озуқани ўриб энг фойдали қисми, яъни барглари тўкилиб кетгач, фойдасиз бўлиб қолган қисмидан чорва озуқаси сифатида фойдаланиларкан. Бизда эса ер танқис бўлганлиги учун уни пластик ўрамага ўраб бошқа давлатга экспорт қилинади. Беш йилдан сўнг бу майдонларда бошқа қишлоқ хўжалик экинлари етиштирамиз. Юртингизда қишлоқ хўжалигидаги янги инновацион лойиҳаларни олиб келиб маҳаллий ҳамкорларимиз билан биргаликда бўш турган ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишни режалаштиряпмиз.

Тадбиркорга Қўшработ, Нуробод, Пайариқ, Каттақўрғон, Паст Дарғом туманларидаги лалми ерлардан лойиҳани амалга ошириш учун мақбул майдонлар тавсия қилинди.

Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов тадбиркорлар билан учрашувда ҳар бир таклифни ўрганиб чиқиш лозимлигини таъкидлаб, инвесторларга тегишли тавсиялар ва масъул ходимларга лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан топшириқлар берди.

Бахтиёр МУСТАНОВ.