Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

СамДАҚИда 232 нафар талаба масофадан туриб таълим оляпти

2017 йил 21 ноябрдаги Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасасида сиртқи (махсус сиртқи) ва кечки (сменали) таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинган эди. Бугун мазкур қарор асосида, вилоятимиздаги олий таълим муассасалари талабалигига қабул қилиниб, ўқишни давом эттираётганлар бир қанча. Хўш, улар қай тартибда билим олмоқда? Талабаларга кимлар дарс ўтяпти? Шу каби саволларга жавобни Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтидан изладик.  

Архитектура ва қурилиш соҳасини малакали мутахассислар билан таъминлаш, жойларда олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш ҳамда уларни тайёрлаш тизимини сифатли ташкил этишни янада такомиллаштириш мақсадида жорий ўқув йили учун институтга 232 нафар йигит-қиз беш йиллик махсус сиртқи бўлимга қабул қилинган.

– Мазкур таълим асосида талабалар етти йўналиш бўйича ўзбек ва рус гуруҳларида таҳсил олмоқда, – дейди сиртқи бўлим бошлиғи, техника фанлари номзоди, доцент Ҳамид Юсупов. – Ўқув жараёни давлат таълим стандартларига кўра, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан кундузги таълим учун тасдиқланган ўқув режаси ҳамда фан дастурлари асосида ташкил этилган. Бу бўлимда ўқишни давом эттираётган талабалар январь ва июнь ойлари 18 кундан дарс ўтиб, имтиҳон топшириши режалаштирилган. Талабаларга институт профессор-ўқитувчилари дарс ўтади ва уларни беш баллик тизим асосида баҳолайди. Айни пайтда биринчи семестр ниҳоясига етди.

Белгиланган фанлардан дарс берган ўқитувчи-педагоглар якуний назорат жараёнларида иштирок этмайди. Якуний имтиҳонлар кафедранинг бошқа ўқитувчиларидан тузилган комиссия аъзолари  томонидан талабалар таҳсил олаётган йўналишга қараб, оғзаки, тест ва ёзма шаклда бўлади.

– Кундузги таълимда ўқишга имкониятим йўқлиги боис  шу институтда сиртқи бўлим очилганини эшитиб, ҳужжат топширдим ва имтиҳонда тўплаган балим билан талабаликка қабул қилиндим, – дейди геодезия, картография ва кадастр (функциялари бўйича) йўналиши биринчи босқич талабаси Меҳринисо Эрмуҳамматова. – Масофадан туриб таҳсил олаётган бўлсак-да, ўқитувчилар бераётган топшириқларни бажаришга қийналяпмиз. Талаб жуда кучли ва яхши ўқимасангиз баҳо олиш қийин. Дарсларни ўқитувчимиз электрон почта орқали бериб боради ва жавобимизга қараб баҳолайди. Шу тартибда ўтадиган мустақил дарс соатларидан сўнг оралиқ баҳоларимиз ҳам маълум қилинади. Бир йилда икки марта институтга бориб, якуний назоратларда қатнашамиз, холос.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, 2018-2019 ўқув йили учун махсус сиртқи бўлимда таҳсил олаётган талабалар йўналишига қараб, 8 миллион 708 минг ва 8 миллион 901 минг сўм миқдорида контракт пули тўламоқда.