Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

“Саодати дӯстӣ” – икки дилни боғлаган ришта

Самарқанд вилоят Матбуот уйида “Овози Самарқанд” газетаси кутубхонаси туркуми остида чоп этилган “Саодати дӯстӣ” (“Дўстлик саодати”) китобининг тақдимоти ҳамда таҳририят томонидан эълон қилинган “Сайқали замин” кўрик-танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Самарқанд вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлимлари, “Овози Самарқанд” газетаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда матбуот фахрийлари, ёзувчи ва шоирлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ижодий анжуманда бугунги кунда ўзбек ва дунё адабиётининг энг яхши намуналарини бошқа тилларга таржима қилиш ва бу асосда адабиётлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган “Саодати дӯстӣ” (“Дўстлик саодати”) китобининг ўрни хусусида сўз борди.

- Икки халқнинг дўстлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, тожик адабиёти ихлосмандларини ўзбек шеърияти билан ошно этиш мақсадида чоп этилган бу китобда менинг ҳам шеърларим тожик тилига моҳирона таржима қилинган, - дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хосият Бобомуродова. – Шу билан бирга, китобда 60 нафар ижодкорларнинг шеърлари таржима қилиниб, нашр этилгани бу икки халқни янада бирлаштиради.

“Сайқали замин” танловига 50 дан ортиқ ижодий асарлар келиб тушган. Улар орасидан “Энг яхши шеър” йўналишида Дилшода Ҳазратқулова, “Энг яхши ҳикоя” йўналишида Фаридун Фарҳодзод биринчи ўринга лойиқ кўрилди.

  Шунингдек, газета таҳририятига қўшган ҳиссаси ва ҳамкорлиги учун ўнга яқин ижодкор фахрийларга ташаккурнома ва китоблар берилди.

Маълумот ўрнида: “Овози Самарқанд” газетаси келажакда газета қошида “Таржимонлик мактаби” фаолиятини йўлга қўйишни ҳамда Самарқандда тожик тилида ижод қилаётган ижодкорларнинг ижод намуналаридан таркиб топган мажмуани чоп этишни режалаштирган.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.