Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сардор Сурхондарёда вилоятимиз шаънини муносиб ҳимоя қилди

Сурхондарё вилоятида ҳар уч йилда бир бор ўтказиб келинадиган «Академик ва эстрада ижрочилиги» республика кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди.

Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларининг жонли ижродаги истеъдоди, маҳоратини аниқлаш, уларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган мазкур танловда 700 нафар ўқувчи иштирок этди. Унда Самарқанд шаҳридаги 3-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Сардор Миркамолов кларнет чолғу асбобидаги ижроси учун иккинчи ўринга муносиб топилди.

- 5 йилдан буён мусиқа мактабида кларнет чолғу асбобини чалиш, оҳанглар яратиш бўйича таҳсил оламан, - дейди Сардор Миркамолов. – Кларнет пуфлаб чалинади, асосан Германия ва Франция давлатларида ривожланган. Бундан ташқари, гитара чалишга ҳам қизиқаман. Бўш вақтларимда сузиш билан шуғулланаман. Олдимга бир мақсад қўйдимми, унга эришмагунча йўлимда давом этавераман.

Сардор Миркамолов жорий йил ўтказилган «Санъат ғунчалари» XXI республика танловида ҳам 3-ўринни эгаллаб, вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган эди.

Сарвар ШОДМОНОВ,

мусиқа мактаби ўқитувчиси.