Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Саховатдан ор қилсак, орият тўнини тескари кийса: миллий қадриятларимиз нима бўлади?

- Жўралар, менда бир таклиф бор-да. Қишлоғимиздаги раҳматли Қосимнинг оиласига бир ёрдам қилиб юборсакми, биргалашиб, девдим. Оиласи жуда хароб аҳволдайкан, кеча хотиним айтиб қолди.

Қишлоқдаги бир гуруҳ улфатларнинг биридан чиққан бу таклифни унинг ёнида ўтирганлар маъқуллагандай бўлиб, бош ирғаб қўйди. Дастурхоннинг нариги четида ўтирган ҳамқишлоғи эса энсасини қотирди.

- Нималар деяпсан, уни бир эмас, икки амакиси Россияда ишлаб юрган бўлса, жиянларига қарашиб юборса бўладику, нима битта томини ёпиб беролмайдими?

Бундан илҳомланган шериги ҳам луқма ташлади. «Тўғри, ҳамма ўз кунига-да, қайси бирига қарашасан, жўра?»

- Эй, менга қара, сен болани пулинг кўпайиб қолганга ўхшайди-а?! Агар шундай бўлса, чиқар, мана бугунги зиёфат сендан бўлсин!

Бу гапга йиғилганлар қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборишди.

- Сен ўзи бева аёлга бирдан нега ёрдам бергинг кеп қолди? Ё…

Бу луқма ўтирганлар даврасидаги қаҳқаҳани янада авж олдирди.

Бундай мазмундаги суҳбатлар сизга унчалик бегона бўлмаса керак, у ёқ бу ёқда эшитиб қолган бўлсангиз ҳам аҳамият бермагандирсиз, балки. Умуман, ҳамма жойда эмас, аммо аксар ҳудудларда қишлоқдоши, маҳалладошига ёрдам бериш тушунчаси у ёки бу маънода шу аҳволда эканлиги киши кўнглига оғриқ солади.

Ёдингизда бўлса, шу йил бошида вилоятлардан бирида мактабни бир неча йиллар олдин битирган синфдошлар йиғинишиб, қишлоғига ош бериши, тонналаб ош дамлаганию, машҳур қўшиқчини чақиртириб, концерт уюштиргани ҳақдаги хабар кўпчиликда турлича фикр уйғотди. Ўша қишлоқдаги ижтимоий аҳвол ҳаминқадарлиги устига бу каби пул сочишлар четдан эшитган ҳар қандай кишига эриш туюлади.

Аслида мактабни турли йилларда тугатган синфдошларнинг қишлоғига ош бериб, зиёфат уюштириши кўп ҳудудларда одатга айланган экан. Йил бошида тарқалган ва яқин кунларда эшитганим, юқоридаги воқеаларни қоғозга туширишимга қирғиз ахборот сайтларида ўқиган қарийб бир хил мазмундаги бир нечта хабарлар туртки бўлди. Мисол учун, Иссиқ кўл вилоятидаги мактабни тугатганига 20 йил бўлган синфдошлар эрта вафот этган дўстининг хотираси ҳурматига унинг вояга етмаган ўғли учун уй қуриб беришгани ҳақида хабар тарқалди. Яна бир вилоятида эса синфдошлар турли зиёфатлару, кўнгилочар давралардан кўра ўзлари яшайдиган овулдаги имконият чекланган қишлоқдошига уй қуришига кўмаклашибди. Тўғри, расмларда кўринишича, ҳашаматли уй эмас, 2-3 хонали оддийгина қишлоқ уйи. Аммо синфдошларнинг бу яхшилиги бир умрга татигулик ҳадя эмасми?

Бизда ҳам турли ёшдаги синфдошлару, улфатдошлар, гаштакчилару, гапбозлар шундай хайрия ишга қўл уриш ҳақида ўйлаб кўришармикан? Наҳотки улар саховатни ор санашса?  Бу фикрларни қоғозга туширарканман, арзимаган маблағ билан битадиган ишларни ҳам катта йиғинларда муаммо  сифатида айтадиган хотин-қизларнинг кўплиги ҳақидаги фикрлар кишини сергак торттиради. Уларни ёрдам сўрашга чиқариб қўйган оила катталари, маҳалладошлар аслида бу вазиятдан ор қилиши керакмасмиди? Ёки орият аллақачон тўнини тескари кийдимикан?..

Гап саховат, ориятга бориб тақаларкан, шу кунларда бўлиб ўтган яна бир ҳаётий мисолни эслаб ўтишни жоиз топдим. Рафиқасини уч боласи билан кўчага ҳайдаган йигит онасининг қистови билан бошқа қизга уйланади. Биринчи аёлининг ота-онаси вафот этганини, болаларини боқиши учун ҳунари йўқлигини билса-да,  фарзандларининг тақдири билан қизиқиб ҳам кўрмайди. Аёл қарийб кўчада қолади, у бу одамларнинг яхшилиги билан мутлақо шароити бўлмаган уйларда яшайди, одамларнинг ишини қилиб, нон топади болалари учун. Орадан вақт ўтиб, унга туман мутасаддилари томонидан уй ажратиладиган бўлди. Буни қарангки, уч фарзанди билан кириб келган янги уйга эр ҳам бош эгиб келади. Ундан кейин яна уч бора уйланган, улардан ҳам фарзандлари бор эркак «сендан яхшиси йўғакан, онам айтгани учун ажрашгандим сен билан» дея кечирим сўрайди. Аёл не бўлса-да, она-да барибир, фарзандларининг отамиз келди, деб қувонганига қараб, иккиланиб қолади. Ахир бош эгиб келдику, болаларим отаси билан ўсгани яхшику, деган хулосага ҳам келади. Аммо қишнинг қаҳратон, ёзнинг саратон кунлари шароитсиз жойларда яшагани ёдига тушиб, кўзига ёш олади, кечиролмайди.

Болам учун уй беринг, ёлғиз онаман, дея минг ташкилотга борган яна бир аёл эса уйли бўлгач, фарзандларини меҳрибонлик уйига жойлаштиришга ҳаракат қилаётганини қандай тушуниш мумкин?.. Яқинда яна бир янгилик қулоғимга чалиниб қолди: уй олиш пайида эридан ажрашиб, ўзини бечораҳол кўрсатишга уринаётган аёллар пайдо бўлаётган экан.

Бу мисоллар биз кўкрак кериб мақтаниб юрган қадриятларимизни бир чақага чиқариб қўяётгандай. Биз зўр бериб ҳалол, ориятли, саховатли дея сифат бераётган миллат шаънига улкан доғ бўлиб қолаётгандай туюлаяпти. Эҳтимол, сиз бошқача фикрдадирсиз...

Гулруҳ Мўминова.