Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сайлов қонунчилигини бузиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин

Сайлов қонунчилигини бузганлик учун амалдаги қонунларимизда тегишли жавобгарлик белгиланган. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда «Сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик», деб номланган VI боб мавжуд. Унда сайлов жараёнида содир этилиши мумкин бўлган қонунбузилишлар учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи нормалар ўз ифодасини топган.

Яъни, сайлов комиссиялари фаолиятига аралашиш, комиссия қарорларини ижро этмаслик, номзоднинг, ишончли вакилнинг ёки кузатувчининг ҳуқуқларини бузиш, сайловолди ташвиқоти олиб бориш шартларини бузганлик, сиёсий партиялар ва номзодлар ҳақида атайлаб ёлғон маълумотларни эълон қилиш ва бошқа ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Маъмурий жавобгарлик субъекти фуқаролар ва мансабдор шахслар бўлиши мумкин.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда сайловга оид қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи 8 та модда ўз ифодасини топган.
Шунингдек, сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш вақтида мансабдор шахслар, сиёсий партиялар ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари, ташаббускор гуруҳлар ёки сайлов ёхуд референдум комиссиялари аъзолари томонидан овоз беришнинг яширинлигини бузиш, сайлов ёки референдум ҳужжатларини қалбакилаштириш, сайлов ёки имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаш учун жиноят кодексида тегишли жавобгарлик белгиланган.

Бундай хатти-ҳаракат энг кам ойлик иш ҳақининг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Жиноят кодексининг 147-моддаси сайлов ҳуқуқининг ёки ишончли вакил ваколатларининг амалга оширилишига тўсқинлик қилиш, деб номланган.

Унга кўра, фуқароларнинг депутат ёки Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш ёки сайланиш, сайловолди тарғиботи олиб бориш ҳуқуқларини, депутатликка ёки Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод шахснинг ишончли вакиллари ўз ваколатларини эркин амалга оширишларига, шунингдек, фуқароларнинг референдумда эркин иштирок этишларига зўрлик ишлатиш, қўрқитиш, алдаш ёки оғдириб олиш йўли билан тўсқинлик қилиш 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Б.ҚАРШИЕВ,
вилоят ҳокимлиги бош юристконсульти.